ОАВда муассисларидан бири «Ўзавтосаноат» АЖ бўлган Жанубий Кореянинг Uz-Dong Yang Co қўшма корхонаси ва Uz-Metertech Coо қўшма корхонаси ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келган муаммолар тўғрисида хабарлар тарқалган. «Ўзавтосаноат» АЖ мазкур хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, «Ўзавтосаноат» АЖ Uz-Dong Yang Co қўшма корхонасининг корейс томони билан яқин ҳамкорликни давом эттиради. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 1996 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб келаётган Uz-Dong Yang Co компанияси билан республикадаги қўшма лойиҳалар доирасида фаолиятни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Хабар берилишича, икки компания ўртасида юзага келган баҳсга UzAuto Motors АЖ томонидан сотиб олинган жиҳоз сабаб бўлган. UzAuto Motors АЖ заводларини деталлар билан ўз вақтида таъминлаш бўйича ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилиш учун ушбу жиҳоз компания тасарруфида қолган ҳолда, Uz-Dong Yang Co қўшма корхонасига беғараз фойдаланишга тақдим этилган.
«Ўзавтосаноат» хабарида айтилишича, томонлар баҳси суд тартибида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади. «Ўзавтосаноат»нинг ишонч билдиришича, Uz-Metertech Co ва Uz-Dong Yang Co ўртасида юзага келган масалалар ушбу корхоналарнинг UzAuto Motors АЖ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигига таъсир кўрсатмайди.
Изоҳ (0)