Ўзбекистонда санитар авиация шаклида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон соғлиқни салқаш вазири томонидан тасдиқланадиган тегишли ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қарор ёки буйруқ шаклида қабул қилиниши режалаштирилаётган ҳужжат лойиҳасига кўра, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда санитар авиация (самолёт ва вертолёт)дан фойдаланишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида авиация хизматларини харид қилади ва Республика тез тиббий ёрдам координацион диспетчерлик хизмати буюртмаси асосида хизматни амалга оширади.
Санитар авиациядан фойдаланишдан кўзланаётган мақсад буюртма асосида шошилинч ҳолатларда беморларга тезкор ёрдам бериш, беморларни ташиш ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, санитар авиацияси шаклида шошилинч тиббий ёрдам бериш Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 октябрдаги 3973-сонли қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи асосида олиб борилади.
Санитар авиацияси шаклидаги шошилинч тиббий ёрдамнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
- санитар авиациясидан фойдаланиб шошилинч тиббий ёрдам хизматини ташкил қилиш;
- фавқулодда вазиятларда тиббий куч ва жиҳозларни фавқулодда вазиятлар ҳудудига олиб бориш ва беморларни эвакуация қилиш;
- беморларни зарур тиббий муассасаларига транспортировка қилиш.
Санитар авиация самолёти ва вертолётида учувчи мутахассисларнинг иш ҳақи асосий иш жойидан тўланади.
Изоҳ (0)