Пайариқдаги қишлоқларнинг бирида сой ён дараларида қоятош расмлар топилди, деб хабар берди ЎзА.
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани «Аламли» қишлоғи фуқароси Норпўлат Тўқбоевнинг мурожаати юзасидан Самарқанд давлат университетининг археология кафедраси мудири Нормаҳаммад Холматов раҳбарлигида археологик гуруҳ ташкил этилди.
Гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси археологик тадқиқодлар институти катта илмий ходими Азбиддин Холматов, магистрант Йўлдошхон Исаев белгиланган манзилда бўлиб, кишилик тарихи тош асрига оид макон жойида текширув ишларини амалга оширди.
Натижада «Аламли» қишлоғидаги Ўрта ҳовуз манзилида мезолит-неолит ёдгорлигини аниқлашга эришилди. Макон ер сатҳидан 3 дона тош буюм, яъни тош ўзаги, қирғич қурол, қайроқтош бўлаги топилди. Шунингдек, макон жойлашган сой ён дараларида кўплаб қоятош расмлар ҳам борлиги аниқланди.
Бундан кўринадики, Пайариқ тумани ерлари одамзод томонидан тош асридан буён ўзлаштирилиб келинган. Келгусида бу ёдгорлик маконида қазилма ишларини амалга ошириш, қоятош расмларини ўрганиш, қўшни сойларда ҳам кенг археологик қидирув ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқ, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)