«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Тошкент вилоятидаги тўртта олий ўқув юртининг 1200 нафар талабалари ўртасида оилавий ҳаёт мавзусида сўровнома ўтказган, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов. Талабаларга: «Оила нима?», «Нечта фарзандингиз бўлишини истайсиз?», «Қайнота ва қайнона билан бирга яшашни хоҳлайсизми?», «Турмуш ўртоғингиз хиёнат қилса, кечирасизми?» каби бир қатор саволлар билан мурожаат қилинган.
Сўровнома иштирок этган йигитларнинг 70 фоизи аёли хиёнат қилса, кечирмаслигини билдирган. Респондент қизларнинг 92 фоизи эса орзуси — қайнона ва қайнотаси билан бирга яшамаслик эканини маълум қилган. «Аксарият респондентлар 4—5 нафаргача фарзанди бўлишини хоҳлашини билдирди», — деди марказнинг Тошкент вилояти бошқармаси раҳбари Дилором Маҳамадалиева.
Дилором Маҳамадалиева респондентларнинг оилавий ҳолати, жинсий таркиби, ёши ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, айнан қайси олий таълим муассасалари талабалари эканини очиқламаган.
Изоҳ (0)