Ўзбекистон Қуролли Кучлари Академияси ташаббуси билан 1 декабрь куни Тошкент кўчалари бўйлаб соғломлаштириш марафони ўтказилади, дея хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Хабар беришларича, марафон 8 декабрь — Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан ташкил қилинмоқда. Марафонда Академия шахсий таркиби, ҳарбий пенсионерлар ва бошқа ташкилот ҳамда вазирликлардан ташриф буюрган меҳмонлар қатнашади.
Соат 10:00 да Академия саф майдонидан старт оладиган марафон муносабати билан Қуролли Кучлар Академияси — Кичик халқа йўли — Тараққиёт кўчаси — «Ашхобод сайилгоҳи» истироҳат боғи — Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси — Паркент кўчаси — Қуролли Кучлар академияси йўналишидаги кўчалар қисман ёпилади.
«Унда иштирок этиш истагини билдирганларни ушбу саломатлик марафонига таклиф этиб қоламиз», — дейилади Мудофаа вазирлиги ахборотида. Тошкент шаҳар ҳокимлигидан қўшимча қилишларича, марафон соат 11:00 гача давом этади. «Келтирилган ноқулайлик учун узр сўраймиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Изоҳ (0)