«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Месхети турклар ватанига қайта оладими?
Месхети турклар Иосиф Сталин буйруғига биноан Грузиянинг Месхетия вилоятидан Совет Иттифоқининг турли бурчакларига қувғин қилинган. Уларга нацизм билан ҳамкорлик деган айблов қўйилган. Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги месхети турклар қувғинининг 75 йиллиги муносабати билан фожиа тарихига назар ташлади.
1944 йилнинг 14 ноябрь санасида Иосиф Сталин буйруғига биноан Грузиянинг Туркия билан чегарадош вилояти Месхетияда яшаётган месхети турклар оммавий равишда поезд вагонларига ўткизилиб, сургунга юборилди. 75 йил аввалги фожиали тақдир бугун ҳам месхети турклар қалбида изтироб ва алам туйғуларини қалқитади.
Месхетия Грузия ва Туркия чегарасидаги вилоят бўлиб, 1828–1829 йилги рус-турк уруши натижасида Россия империяси қўл остига ўтган. Биринчи жаҳон уруши тугагач, ҳудуд СССР таркибига қўшиб олинган Грузиянинг бир бўлаги сифатида шўро ҳокимияти қўл остига ўтган. Бу давр месхети турклар ва бошқа мусулмон халқлар бошига кўплаб фожиалар келтирди.
Шўро ҳукумати раҳбари Қизил армия таркибида нацизмга қарши курашган месхети турклар кўрсатган жасоратга қарамасдан уларни Марказий Осиёнинг турли ҳудудларига қувғин қилиш борасида кўрсатма берди. Натижада 86 минг месхети она ватанидан сургун қилинди.
Сургун жараёнида очлик, касаллик туфайли 17 мингга яқин турк ҳалок бўлди, тирик қолганлар эса Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда ўз ҳолига ташлаб қўйилди.Совет раҳбарияти месхети туркларни ёши, жинсига қарамай меҳнат лагерларида ишлашга мажбур қилди. Уларга меҳнат жойини рухсатсиз ташлаб кетиш, шаҳарга кўчиб ўтиш тақиқланди.
Тартибни бузган месхети туркларни совуқ Сибир об-ҳавосини тотиб кўришдек сургун кутиб турар эди.
Сталиннинг мақсади нима эди?
Иккинчи жаҳон уруши давомида барча жанг қилишга қодир месхети турклар Қизил армия сафида нацизмга қарши елкама-елка туриб жанг қилган бўлса-да, Сталин маъмурияти бу халқ вакилларини нацизмга хайрихоҳлик қилганликда айблади. СССР парчаланганидан сўнг месхети турклар борасида ҳақиқий тафсилотлар ойдинлашди. Ҳужжатларга кўра, қрим татарлар ва месхети турклар депортацияси аввало Қора денгиз бўйи ҳудудини туркий миллатлардан тозалаш мақсадида амалга оширилган.
Ватанига қайтишга умид қилаётган месхети турклар
Бугунги кунда Месхетия вилоятида 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг кам қисмигина месхети турклардир.
Месхети туркларнинг аксарияти ҳамон қувғин қилинган ёки кейинчалик кўчиб бориб қолган минтақаларда истиқомат қилиб келмоқда.
Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, 600 мингга яқин месхети турклар ватанидан олисда яшайди. Аксар месхети турклар ҳозир Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Украина ва АҚШда макон топган.
Совет Иттифоқи қулаши ортидан уларни ватанига қайтариш кун тартибига чиққан бўлса-да, бу муаммони охиригача ҳал этиш имкони бўлмади. 2007 йилда Грузия ҳукумати уларни ватанига қайтариш борасида ҳукумат қарори қабул қилган бўлса-да, ҳозирга қадар аниқ қадам ташламай келмоқда.
Европа Иттифоқи: Франция – Германия муносабатларига назар
Мудофаа масаласида Европа Иттифоқининг янги концепциясини илгари сураётган Франция етакчиси Макрон, расмий Берлин назарида, Германиянинг иқтисодий етакчилигини Франциянинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик борасидаги етакчилиги билан алмаштирмоқчи. Аммо Берлинда стратегик нуқтаи назардан фикрловчилар топилмаяпти, деб ёзади АҚШнинг The Politico нашри.
Француз ва немис зиддияти вақтинчалик бўлмай, сурункали жиҳат касб этган. Бу зиддиятнинг асосий сабабини тушуниш мушкул эмас: Эммануэль Макрон ва Ангела Меркель ҳамда улар раҳбарлик қилаётган ҳукуматларнинг тақдири турличадир. Берлин ожиз, Париж эса қудратли. Бу Европа Иттифоқига қандай таъсир қилади, ҳозирча ноаниқ бўлса-да, дастлабки белгилар ўзини намоён қила бошлаган.
Макрон ҳокимият тепасига келган илк кунларда собиқ президент Франсуа Олланднинг хатоларини тузатишга ҳаракат қилди. Германиядан ёрдам сўрашдан аввал Макрон евроҳудуддаги иқтисодий тебранишлар натижасида юзага келган бюджет масалаларини тартибга келтириш ва ислоҳотларни амалга оширишда дастлабки қадамларни қўйди.
Макрон француз меҳнат қонунчилигини ислоҳ қилиб, соддалаштирди, ишсизлик бўйича бериладиган нафақалар миқдорини камайтирди, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшашнинг бюрократик тартибига барҳам берди.
Франция бошлаган ишларга қўшилиш ўрнига немис ҳукумати еврозонада юзаки сиёсат билан чекланди. Франция тарафи учун бу сабоқ беиз кетмади. Германия ҳукуматидагилар эса қандай хатога йўл қўйганини англаб етганда кеч бўлган эди.
Берлинлик сиёсатдонлар бугун Парижни Германиясиз Европа Иттифоқидаги ислоҳотларни амалга оширишга қарор қилганликда айбламоқда. Уларнинг назарида Француз ҳукумати Евроиттифоқнинг АҚШ билан савдо алоқаларини бошлашга вето қўйгани, Албания ва Шимолий Македонияни Евроиттифоққа қабул қилиш борасидаги қарорни маъқулламагани Макрон қандай қарорга келганининг яққол мисолидир.
Макрон назарида бугун Европа Иттифоқи эркин бозорлар, Европа қитъасида ва кейин бутун дунёда умумий мақсадларга интилувчи коллектив сиёсат ва стратегик ўйинчи бўлиш сиёсатидан воз кечиши керак. Бунинг учун эса Европа Иттифоқи мудофаа сиёсатининг тўғри тамойилларини ишлаб чиқиш керак бўлади.
Айнан шу масала Франция ва Германия муносабатлари орасидан қора мушук ўтишига сабаб бўлмоқда. Аввало, Германия сиёсатчилари стратегик ўйлашдан йироқ қолмоқда. Иккинчидан, Германия ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги ва бундестагда ўтириб олган амалдорлар дунёқараши ва фикри Париждаги касбдошлариникидан фарқ қилмоқда.
Бу эса, Берлин назарида, расмий Германиянинг иқтисодий жабҳада устунлигини Франциянинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик борасидаги устунлиги билан алмаштириш фикрини урчитмоқда ва немис сиёсатдонлари норозилигига сабаб бўлмоқда. Германия назарида, бу Европа Иттифоқи қудрати ва фаолиятининг маркази Германия иқтисодиёти эмас, Франция қуролли кучлари дейиш билан баробар.
Яқин йилларда Франция ва Германия муносабатларининг илишига умид қилмаса ҳам бўлади. Европани ислоҳ қилишга қаратилган икки йиллик «Европа келажаги конференцияси» бу икки давлатни бирлаштирмай, икки давлат ўртасидаги кескин қарама-қаршилик мавжудлигини кўрсатиб қўяди. Нима бўлганда ҳам, Европа Иттифоқи сиёсатида Макрон ғалабага эришди ва расмий Брюсселдаги портфелларга фикрдошлари келишига кўмак берди. Европа Кенгашининг янги сайланган президенти Урсула фон дер Ляйен эса Елисей саройида қанот ёзган геосиёсий масалаларга кўпроқ эътибор беришини алоҳида қайд этди.
Макрон Франция президенти экан, Германия сиёсий иккиланишлар туфайли оқсоқланаверади. Ҳозир икки мамлакат ўртасидаги зиддиятлар структуравий хусусият касб этмаётган бўлса-да, келажакда бу Иттифоқ учун муҳим қарорларни қабул қилишда жиддий тўсиққа айланиб қолиши мумкин.
Хитойга америкача тарсаки
27 ноябрь санасида АҚШ президенти Гонконгдаги норозилик намойиши тарафдорларини қўллаб-қувватловчи иккита қонунни тасдиқлади. Бу савдо урушига чек қўйиши мумкин бўлган келишув имзоланиши кутилаётган бир пайтда содир бўлди, деб ёзади The Washington Post нашри. Трамп қонунни имзолаши билан Хитойга америкача тарсаки ҳам туширди.
Қонунга Дональд Трамп Конгрессдаги икки партия вакиллари босими остида имзо қўйди. Қонун эса инсон ҳуқуқлари бузилишига дахлдор бўлган хитойлик ва гонконглик ҳукумат вакилларига нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутади ва расмий Вашингтон Гонконгга АҚШ давлат департаменти берган алоҳида савдо мақомини қайта кўриб чиқишига олиб келади.
Президент Трамп қонунга Си Цзиньпин, Хитой ва Гонконг халқига ҳурмати юзасидан имзо қўйганини баён қилди. Ҳужжат Хитой ва Гонконг раҳбарларига вазиятни юмшатишда ёрдам беришини таъкидлади.
Хитой томони қонун қабул қилинишига қаршилик кўрсатаётганига қарамай, АҚШ Конгрессидаги кўпчилик уни маъқулламоқда.
Қонунга имзо чекиши билан Трамп партиясидаги норозилик ва ихтилофларга барҳам берди ва сиёсий ноқулайликни юзага келтирган вазиятга чек қўйди.
Трамп АҚШ ҳукумати Гонконгдаги норозилик намойишчиларини қай даражада ҳимоя қила олиши борасида аниқ фикр айтмаган бўлса-да, республикачи конгрессменлар ҳозирча аҳдида қатъий турибди. Устига устак, АҚШ ҳукумати Хитой билан савдо уруши борасидаги келишувлар устида ишламоқда.
Республикачи сенатор Бен Сас қонун имзоланиши ортидан шундай деди:
«Биласизми, жаноб Си, америкаликлар тиранлардан нафратланади ва Гонконг билан бирдамдир. Намойишчилар Гонконг кўчаларига чиқиб, озодлик учун курашар экан, америкаликлар улар тарафида бўлади».
Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса АҚШ нотўғри қадам ташлар экан, Пекин ҳам бунга қарши чора кўриши билан таҳдид қилди. Шунингдек, Хитой АҚШни Гонконг кўчаларида қонун бузган, шаҳар инфратузилмасига зарар келтирган, бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлган, қонун устиворлигига дахл қилган ва тартибсизлик келтириб чиқарган намойишчиларни қўллаб-қувватлашда айблади.
Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг мамлакатдаги элчиси Терри Бранстедни қабулига чақириб, Вашингтон Хитой ички ишларига аралашиш сиёсатини зудлик билан тохътатиши шартлигини таъкидлади.
Ҳужжатларнинг қабул қилиниши АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо битимлари имзоланишини номаълум муддатга ортга сурган кўринади.
Эроннинг нефть борасидаги янги сиёсий дастури қандай бўлади?
Эрон ҳукумати кейинги йилдан бошлаб нефть соҳасидан келадиган даромадни мамлакат ривожланишига сарфлаб, мамлакат бюджетини нефтга қарамликдан халос қилмоқчи, деб ёзади АҚШда чиқадиган The Al Monitor нашри.
2020 йил март ойида бошланадиган янги молиявий йилда Эрон ҳукумати мамлакат бюджетининг нефтга қарамлигига барҳам бермоқчи. Ҳукумат бу борадаги қадамларни 16 ноябрь санасида бензинга субсидияларни қисқартиришдан бошлади. Мазкур чора АҚШ Эрон иқтисодиётига босим ўтказишининг олдини олиш мақсадида ҳукумат тарафидан бюджетга тушаётган босимни енгиллатиш ва шу тариқа кам таъминланган эронликларга кўпроқ молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Аммо Эронда яқинда ўтказилган норозилик намойишлари бу сиёсат амалга ошиши осон эмаслигини кўрсатди.
Охирги эллик йил мобайнида нефть даромади Эрон ҳукуматининг бюджет даромади ва харажати ўзагини ташкил қилиб келди. Рақамлар билан ифодалаганда, нефть даромади Эрон ҳукуматининг 1971–2018 йиллар оралиғидаги бюджетининг 46 фоизини қоплади. АҚШ иқтисодий жазо чоралари натижасида нефть савдоси кунига 2,5 миллион баррелдан 500–600 минг баррелга тушиб кетди.
Эрон режалаштириш ва бюджет ташкилоти ислоҳот доирасида мамлакат иқтисодиётини нефть олиб келадиган даромадга қарамлигидан қутқаришда захираларни бошқариши ва харажатларни самарали ташкил этиши дастурнинг асосий омилидир.
Эрон режалаштириш ва бюджет ташкилоти раҳбари Багир Нобахт ўз чиқишида янги солиқ қонунчилигини жорий этиш, яширин энергетик субсидия ва қўшимча давлат активлари савдоси тизимини ислоҳ қилиш Эрон ҳукуматига молиявий ресурсларни кўпайтириш имконини беради, деб маълумот берди.
Эрон қонунчилиги корпорасиялар, мустақил буюртмачилар ва жисмоний шахслар солиқларини турлича назорат қилади. Бу айрим ҳолатларда солиқ йиғимлари натижаларини хулосалашда шаффоф бўлмаган ҳисоботларга олиб келади ва асосий солиқ юки бевосита давлат назоратида бўлган ташкилотлар ходимларига тўғри келади. Натижада ойига 270 доллар маош оладиган давлат хизматчиси ойига 27 доллар солиқ тўлайди. Бойлар орасида солиқ тўлашдан бош тортиш ҳолатлари кўп кузатилади, олтин ва темир савдоси билан шуғулланувчилар, врачлар, юристлар ҳам давлат хизматчилари билан бир хил миқдорда солиқ тўлайди. Бу эса Эрон иқтисодиёти учун йилига 5,3 миллиард доллар йўқотиш демакдир.
Таҳлилчилар назарида, мамлакат иқтисодиёти турғунликни бошидан кечираётган бир вазиятда бизнесдаги солиқлар ставкасини ошириш ўрнига уларни пасайтириш мақсадга мувофиқ. Эрон иқтисодиёти яқин йиллар ичида турғунликдан чиқиб кета олмайди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, мамлакат иқтисодиёти бу йил 9,5 фоизга қисқаради, ЯИМ кейинги йил ҳам ўзгаришсиз қолади.
Шундай экан, айни пайтда энг тўғри қадам энергия ташувчилари нархини ислоҳ қилишдир. Бироқ ҳозир энергия ташувчи манбаларга давлат субсидияларини қисман ёки бутунлай бекор қилиш оқибатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар янада чуқурлашиб кетиши эҳтимоли мавжуд.
Шунингдек, солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш ва капитал ўсишини солиққа тортиш чоралари давлат ғазнасини тўлдиришнинг янги самарали воситаси сифатида ишлаши ҳам шубҳа остида. Йил охирида бўлиб ўтадиган парламенти сайлови ҳисобга олинса, солиқ борасида янги қонунчиликни яратиш имконияти мавжуд эмас.
Хусусийлаштириш, давлат ташкилотлари бюджетини қисқартириш, асосий маҳсулотларга давлат субсидияларини бекор қилиш ва меҳнат маҳсулдорлигини ошириш бюджет даромадини ўстирувчи асосий чоралар бўлиб, қолган чоралар муаммоларни ортга суришдан бошқа нарса эмас.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)