Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларни ўтказиш учун республиканинг 38 та давлатдаги дипломатик ваколатхоналарида 55 та сайлов участкаси ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ва ЙХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Каетана де Зулуэта Оутрам ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди, деб хабар бермоқда ТИВ ахборот хизмати.
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан маълум қилинишича, Ўзбекистонга дунёнинг 50 та мамлакатидан 700 нафардан ортиқ халқаро кузатувчи ташриф буюради. Ўз навбатида, ЙХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тахминан 300 кишини Ўзбекистонга жўнатади. Улар мамлакатнинг барча ҳудудларига ташриф буюриб, сайловларда иштирок этаётган бешта партия вакиллари билан мулоқот қилади.
Учрашувда халқаро экспертизадан ўтган ва турли халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг янги Сайлов кодексининг аҳамияти қайд этилди.
Аввалроқ чет элдаги ўзбекистонликлар овоз берадиган сайлов округлари рўйхати эълон қилинган эди.
Изоҳ (0)