Ўзбекистонда олий маълумот олиш ва малакали мутахассис бўлиш истагида ташриф буюрган 147 нафар афғонистонлик ёшлардан иборат делегация 25 ноябрь, душанба куни «Ҳайратон» чегара постида тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Афғонистон фуқаролари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган таълим марказида таҳсил олади.
Афғонистонлик ёшлардан 119 нафари ўзбек тили ва адабиёти, 18 нафари акушерлик ва ҳамшира иши ҳамда 10 нафари ерусти транспорт тизимлари ва эксплуатация, локомотив ва вагонлар иши таълим йўналишларида ўқийди.
Талабаларга машғулотлар олиб бориш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясидан профессор-ўқитувчилар жалб этилган.
Меҳмонларни кутиб олиш маросимида Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов, Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги консули С.Сакандарий, Афғонистон олий таълим вазирининг ўринбосари А.Ҳошимий, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ва бошқалар иштирок этди.
Изоҳ (0)