Наманган вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Наманган шаҳар инспекцияси ходимлари томонидан ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш бўйича тезкор тунги рейдлар ўтказилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан хабар берилди.
Маълум қилинишича, рейдда Наманган шаҳридаги Алишер Навоий, А.Хўжаэв, С.Адашев, Мустақилликнинг 5 йиллиги, Олтинводий, Уйчи кўчалари ҳудудига фуқаролар И.Р., З.Ж., И.У., И.Ж., Х.М., А.М., томонидан маиший чиқиндилар тўла халталар, қоплар белгиланмаган жойга ташлангани аниқланди. Фуқаролар инспекторлар томонидан тўхтатиб қолинган.
Ушбу ҳолат юзасидан 6 нафар ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисми (Саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш) билан маъмурий баённомалар тузилиб, жарималар қўлланилган.
Аввалроқ Tashkent City хиёбони ҳудудида писта пўчоғини белгиланмаган жойга ташлаган фуқаролар жаримага тортилган эди. Шунингдек, Навоийда ва Бухородаги Марказий деҳқон бозорида писта пўчоғи ва сигарета қолдиқларини белгиланмаган жойга ташлаганлар жаримага тортилган эди.
Изоҳ (0)