Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан Қарши шаҳрига йўловчи ташувчи Damas ҳайдовчиларининг шикоят қилишича, ЙПХ инспекторлари ҳайдовчиларнинг ҳужжатини олиб қўйиб, ҳар куни пахтага бепул ҳашарчи ташишга мажбур қилинмоқда.
Ҳайдовчилар шикоятини ўрганган «Қашқадарё зиёкори» нашрининг ёзишича, «Насаф аудио-видео» МЧЖ раҳбарлигидаги уюшмага аъзо бўлган «Қарши—Косон», «Косон—Қарши» йўналишида ҳаракатланувчи 44 та Damas автомобилининг техник паспорти Косон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими инспекторлари Акром Авазов ҳамда Шаҳбоз Қўчқоров томонидан олиб қўйилган.
Айни кунда Қаршидан Косонга қатновчи Damas ҳайдовчиларининг 50—60 фоизида автомобилининг техник паспорти йўқ, боиси, ЙПХ ходимлари олиб қўйган. Ва ҳар куни бир маротаба пахтага одам олиб бориш мажбуриятини юклаган, — деган ҳайдовчи Моҳир Саломов.
«Косон—Қарши», «Қарши—Косон» йўналишидаги ҳайдовчилар фаолиятини назорат қилувчи уюшма «Насаф аудио-видео» МЧЖ иш юритувчиси Мавжуда Уваеванинг тасдиқлашича, ушбу йўналишга аъзо Damas автомобилларининг аксарияти ЙПХ инспекторларининг пахтага бепул одам ташиш талабини бажаришга мажбур.
Мардон Тўхтаев исмли ҳайдовчининг айтишича, унга тегишли автомобилнинг техник паспортини пахта мавсуми бошланган пайт инспектор Акром Авазов олиб қўйган ва ҳалигача қайтариб бермаган.
Ҳайдовчи Эркин Бобохонов эса ҳужжати Шаҳбоз Қўчқоров исмли ЙПХ ходими томонидан олиб қўйилганлигини айтиб, ходим томонидан хизматга мажбурланаётганини айтмоқда.
Қайд этилишича, «Қашқадарё зиёкори» нашри телефон орқали мулоқотга киришган ЙПХ ходими Шаҳбоз Қўчқоров мухбир саволини эшитгач, «йўқ бундай қилмаганман», дея телефонни ўчирган ва қайтиб ходимга уланиб бўлмаган.
Damas’чиларнинг мажбурий тарзда пахтага одам ташишини рад этган Косон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Холматовнинг айтишича, Damas ҳайдовчиларининг пахтага одам ташиши бор гап. Аммо бунинг учун уларга ҳақ тўланади. Шуҳрат Холматовга кўра, бундай вазият юзага келишига йўналишни тартибга солувчи уюшма масъуллари айбдор.
«Пахта тозалаш заводи, фермер ҳамда уюшма келишувига кўра, уч томонлама шартнома имзоланиб, ўша шартномага мувофиқ Damas ҳайдовчилари фермерларга хизмат кўрсатиши белгиланган. Сентябрь ойи бошида ўтказилган йиғилишда шундай тўхтамга келинганди. Шартнома тузилгач, Damas ҳайдовчиси ҳашарчини ташиш учун қанча масофа босганини фермердан тасдиқлатгач, пахта тозалаш заводи томонидан йўл ҳақи тўлаб берилади. Ҳайдовчилар ҳуқуқи поймол бўлмайди,» — деган Шуҳрат Холматов.
Маълум қилинишича, сентябрь ойи бошида пахта тозалаш заводлари, уюшмалар ва фермерлар иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишда Damas ҳайдовчиларининг хизматига шартнома асосида пул тўлаш назарда тутилган ва шартнома имзолаш масъулияти уюшма бошлиқларига юклатилган.
Шуҳрат Холматовнинг маълумот беришича, ўша йиғилишда айни кунда ҳужжатлари олиб қўйилгани айтилаётган Damas’лар уюшмаси масъуллари ҳам иштирок этган. «Насаф аудио-видео» МЧЖ иш бошқарувчиси Мавжуда Уваева бундай шартномадан хабари йўқлигини айтмоқда.
Косон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Холматов мухбир билан суҳбати сўнгида агар ходимларимиз англашилмовчилик сабаб бирор бир ҳайдовчининг ҳужжатини олишган бўлса, албатта бугуноқ қайтариб беради, деб айтган.
Изоҳ (0)