Президент томонидан 26 июнда имзоланган қонун билан Ўзбекистонда “Маҳалла сервис” компанияларига солиқ имтиёзлари берилди.
-6XQo9sWY.avif)
Қонун билан Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, “Маҳалла сервис” компаниялари томонидан маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш ва аҳолига қонунчиликда белгиланган айрим ижтимоий пулли хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадларга киритилди.
Шунингдек, мазкур хизматларни кўрсатишга мўлжалланган бинолар жойлашган ер участкалари ер солиғи солиш объекти ҳисобланмаслиги белгиланди.
Қуйидаги даромад турларига солиқ солинмаслиги кўзда тутилди:
- “Маҳалла сервис” компаниялари ходимларининг фаолияти натижасида олинган, уларнинг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи тарзидаги даромадлари;
- Чернобил АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган фуқароларнинг, шунингдек улар хотини (эри)нинг даромадлари.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирексиялари мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача озод этилиши кўрсатилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
“Маҳалла сервис” компаниялари ҳақида
Маҳаллаларда маҳалла ободлиги билан шуғулланувчи “Маҳалла сервис” компанияси фаолияти президентнинг 2024 йил 25 июндаги қарори билан ташкил этилган.
Сервис компаниялари:
- маҳалла фуқаролар йиғинининг буюртмаси асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хизматларини бажаради, ариқлар ва суғориш тизимларини тозалайди, кўчаларнинг тозалигини таъминлайди, кўчатлар экади ва парваришлайди;
- шартнома асосида ижтимоий соҳа объектларида ободонлаштириш ва коммунал эксплуатация хизматларини кўрсатади;
- шартнома асосида чиқиндиларни йиғиб саралайди ва чиқинди корхоналари томонидан олиб чиқиб кетилишини ташкил этади;
- аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бошқа турдаги ижтимоий аҳамиятдаги пулли хизматларни кўрсатади.
2024 йилда тажриба тарзида 208 та маҳаллада “Маҳалла сервис” компаниялари ташкил қилиниб, аҳолига 23 турдаги хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Президент 2025 йил март ойида ўтказган видеоселектор йиғилишида энди бу тизимни кенгайтириб, яна мингта шундай компания тузишни топширди.
Изоҳ (0)