Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида 2019 йил 11—17 ноябрь кунлари ўтказилган биржа савдоларида «Олмалиқ» кон-металлургия комбинати томонидан бир килограмм олтин сотилди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган ҳафтада олтиннинг нархи бироз пасайган ва 1 грамм олтиннинг нархи 446,5 минг сўмни ташкил этган. Ҳафталик савдо натижаларига кўра, 446,5 миллион сўмлик 1000 грамм Au-1 маркали олтин сотилган.

Қайд этилган давр мобайнида 3572,7 тонна AI-91 маркали бензин биржа савдоларига қўйилган. Шундан 3090,6 тонна бензин сотилган. Сўнгги савдо ҳафтасида AI-91 маркали бир тонна бензин 6,223 миллион сўмдан сотилган.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 13,2 миллиард сўмлик 4568,0 тонна суюлтирилган газ сотди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 11,7% га кўтарилиб, бир тонна учун 2,9 миллион сўмни ташкил этди.

Қора металл бозорида талаб ўсган. Хусусан, ST 12-35 GS арматуранинг нархи 1,5% га ўсиб, бир тоннаси учун 5,693 миллион сўмни ташкил қилган. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми жами 7,3 минг тоннани ташкил қилган.

Цемент бозори кичик ўсиш кузатилган. PSM-400D-20 маркали цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 3,8% га кўтарилиб, бир тоннаси учун 556,5 минг сўмни ташкил қилган. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 460—750 минг сўмни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, биржада пахта толаси учун юқори даражадаги талаб сақланмоқда. Ўтган ҳафта 1 нав 4 типдаги пахта толаси бўйича нархлар 1,4% га ўсиб, бир тонна учун 14,9 миллион сўмни ташкил этган. Пахта толаси бошқа навларининг нархлари ўртача 7,3—13 миллион сўмгача бўлган.