Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт қурилиш» инжиниринг давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари 2016—2019 йилларда 2,3 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан хабар берилди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Тиббиёт қурилиш» инжиниринг давлат унитар корхонасининг 2016—2019 йиллардаги фаолияти юзасидан текширув ўтказилган. Натижада корхона мансабдор шахслари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бино ва иншоотларни таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган жами 2,3 миллиард сўм маблағни яқин қариндошларига қарашли хўжалик юритувчи субъектларга амалда кўрсатилмаган дезинфекция ва компьютер хизматлари, ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш ишлари учун ўтказиб бериб, талон-торож қилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, улар жиноий йўл билан топилган пул маблағларининг асл манбаини яшириб, мулкка айлантириш мақсадида, Labo, Nexia 3, Cobalt, Lacetti ва Malibu 2 русумли жами 9 та автомашинани харид қилган ва шу тариқа, жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштирган.
Текширув давомида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг 1,1 миллиард сўми қопланиши таъминланган.
Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тиббиёт қурилиш» инжиниринг давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)