Аввалроқ Чироқчи тумани «Лангар» МФЙ Тутли қишлоғилик оиланинг етти нафар аъзоси уй шароитида тайёрланган помидор консервасидан заҳарланиб, вилоят марказидаги шифохоналарга ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан 20 ноябрь куни 09:30 да мазкур оиланинг катта фарзанди, 2006 йилда туғилган А.Т. ҳам вафот этган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтирилган оила бошлиғи, унинг турмуш ўртоғи ва катта ўғлига ботулизм касаллигининг оғир даражаси, ўткир токсемия даври, токсик нейропатия, ўткир нафас етишмовчилиги I даражаси ташхиси қўйилган эди. 18 ноябрь куни 08:00 да мазкур оила бошлиғининг турмуш ўртоғи Ю.У. вафот этганди. Айни пайтда отанинг аҳволи ҳам ўта оғирлигича қолмоқда.
Ҳозирда оиланинг қолган тўрт нафар аъзоси вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи қониқарли.
«Ботулизм касаллигини хонадон шароитида ўз билганича даволашни қатъиян ман этади. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин», — дея огоҳлантиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Изоҳ (0)