Ўзбекистон Ҳиндистонда бўлиб ўтган India’s Best Awards — 2019 туризм тадбирининг «Маданий-тарихий мерос бўйича энг яхши туристик йўналиш» номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хабар берилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Маълум қилинишича, India’s Best Awards — 2019 тадбири «Travel+Leisure» етакчи халқаро туристик журналининг Ҳиндистондаги ваколатхонаси томонидан ўтказилди.

Қўмита томонидан қайд этилишича, мукофотлар хорижий давлатлар ҳамда Ҳиндистон штатлари бўйича 50 та номинация бўйича топширилган. «Энг яхши оилавий саёҳат», «Асал ойи учун энг яхши йўналиш», «Тўй учун энг яхши йўналиш», «Энг яхши курорт-отель» каби йўналишлар шулар жумласидан. Ғолиблар журнал ўқувчилари ҳамда унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари томонидан онлайн овоз бериш орқали аниқланди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Travel+Leisure» журнали АҚШ, Австралия, Хитой, Европа ва Жануби-Шарқий Осиё, шунингдек, кўплаб бошқа давлатларда чоп этилади. Тадбир доирасида мазкур журнал муҳаррири Айндрила Митра 2020 йилда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган махсус лойиҳаларни амалга оширмоқчи эканини маълум қилди.