2019 йил 13 ноябрь куни тахминан соат 15:30 да Гулистон давлат университети Филология факультетининг «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналиши 4-босқич 49-16-гуруҳ талабаси Ю.Қаршибоев университет бош биносининг 3-қавати ойнасидан телефон орқали суҳбатлашаётган вақтида эҳтиётсизлиги сабабли пастга тушиб кетган. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазириги хабар берди.
Хабар берилишича, воқеа содир бўлгандан кейин тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинган, шифокорлар томонидан талабага ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг талаба Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти бўлимига олиб борилган ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ушбу воқеа юзасидан «Ўзбек тили ва адабиёти» йўналиши, 4-босқич 49-16-гуруҳ талабалари билан университет маъмурияти томонидан суҳбат ўтказилганида, гуруҳ талабалари ўртасида ҳеч қандай низоли ҳолат бўлмагани, Ю.Қаршибоевнинг ҳеч ким билан тортишмагани маълум бўлган.
Маълум қилинишича, 14 ноябрь куни вилоят шифохонасида Ю.Қаршибоев муваффақиятли операция қилинган, ҳозирда унинг умумий аҳволи яхши. Университет маъмурияти ва курсдошлари Ю.Қаршибоев аҳволидан хабар олиб турибди.
Жорий йилнинг март ойида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида таҳсил олувчи қиз ётоқхонанинг олтинчи қаватидан тушиб кетиб вафот этган эди. Шунингдек, 2019 йилнинг май ойида Андижон шаҳридаги 14-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси мактаб биносининг 2-қаватидан, сентябрь ойида эса Избоскан туманидаги 39-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси мактаб биносининг 3-қаватидан пастга тушиб кетган эди.
Изоҳ (0)