Қаршида 7 ноябрь куни тахминан соат 02:00 да пулдор одамнинг уйига кирган бир гуруҳ босқинчилар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум бўлишиича, 41 ёшли Г.Т.нинг пулдор жабрланувчи ҳақидаги берган маълумотига кўра, 32 ёшли И.Д. жиноий шериклари 20 ёшли Ж.С., 20 ёшли Ш.О., 21 ёшли Ф.Т., 34 ёшли О.С. ва 35 ёшли С.Х.лар юзларига ниқоб кийиб, темир труба ва пичоқ ҳамда скотч ёрдамида, Қарши шаҳар «Араловул» МФЙда яшовчи 63 ёшли фуқаро М.А.нинг уйига босқинчилик содир этиш мақсадида ғайриқонуний равишда кирган.
Улар жиноятни содир этаётган вақтида Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбир натижасида ушланган. Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида ушланган шахслардан ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан 7 ноябрь куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят содир этишда иштирок этган барча шахсларга айблов эълон қилиниб, ҳозирда жиноят юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)