Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан «Навоий» халқаро аэропорти ҳудудидан ташқарида ҳалокатга учраган ҳаво кемасини излаб топиш ва тезкор авария-қутқарув ишларини ташкил этишга қаратилган махсус тактик ўқув машқи ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Хабар берилишича, ўқув машқи босқичма-босқич реал шароитга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилган.
Ўқув машқи вилоят доимий тайёргарликдаги хизматларининг ҳалокатга учраган ҳаво кемасини излаб топиш ва тезкор авария-қутқарув ишларини ташкил этишда тажриба ва малакасини ошириш, уларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини амалда текшириш ҳамда мувофиқлаштиришга қаратилди.
Ўқув машқи йиғин, ҳаво кемаси ҳалокатга учраган ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини ташкил қилиш, юзага келган ёнғинни бартараф қилиш, ҳаво кемасидан жабрланувчиларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби босқичларда ўтказилди.
Ўқув машқларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда «Навоий» халқаро аэропортининг куч ва воситаларидан 20 та махсус техника ва 118 нафар ходим жалб этилди.
Изоҳ (0)