Ижтимоий тармоқларда «Чиноз тумани 19-таълим мактаби директори 6-синф ўқувчисини аямасдан калтаклади» номли видео хабар тарқалган эди. Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати ушбу ҳолат ўрганиб чиқилганини маълум қилди.
Аниқланишича, вояга етмаган О.Р. ҳақиқатан ҳам Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган 19-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-«а» синф ўқувчиси жорий йилнинг 9 октябрь куни ўқувчилар синф хонада ўтирган вақтида мактаб директори Ш.Х.синф хонасига кириб, технология фани ўқитувчиси йўқлиги сабабли, ўрнига шу соатда математика дарси бўлишини айтган.
Шунда ўқувчи О.Р. нима сабабдан технология дарси бўлмаслигини қўпол равишда, баланд овоз билан сўраган. Барча ўқувчилар олдида мактаб директорига нисбатан қўпол муомала қилганлиги учун мактаб директори ўқувчи билан алоҳида гаплашиб олиш мақсадида уни қўлидан ушлаб, бошқа хонага олиб кирган ва ундан тушунтириш хати олган.
Ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, вояга етмаган мактаб ўқувчиси О.Р.га олган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайёрланган. 11 октябрь кундаги суд-тиббий экспертизасининг хулосасисга кўра, вояга етмаган О.Р.га соғлиқни қисқа муддат бузилишига сабаб бўлмаган енгил тан жароҳати ташҳиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Ш.Х.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисмига (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш) асосан жавобгарлик белгиланган. Ушбу моддага кўра, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Чиноз туман судига юборилган.
Изоҳ (0)