Испания фуқаролик гвардияси Албания расмийлари билан ҳамкорликда профессионал футболчиларнинг уйини ўмарган жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда Европол маълум қилди, дея хабар беради «Известия».
Гуруҳ 4 нафар Албания фуқароси ва бир испанияликдан иборат бўлгани айтилмоқда. Улар Испаниянинг Мадрид ва Толедо шаҳарларида 16 октябрь куни ўтказилган операция давомида ушланган.
Бундан аввал бир неча ой давомида «Реал» ва «Атлетико» футбол клубларининг бир қатор ўйинчилари уйида ўғирликлар содир этилганди. Ўшанда жиноятчилар талончиликни амалга ошириш учун қулай фурсат топиш мақсадида футболчиларнинг хатти-ҳаракатларини ижтимоий тармоқлар орқали кузатгани тахмин қилинганди.
Рейдлар натижасида полиция томонидан қимматбаҳо машиналар, минглаб евро пул ва тақинчоқлар мусодара қилинди. Шунингдек, бир неча эсдалик ашёлари, жумладан, «Атлетико» ярим ҳимоячиси уйидан ўғирланган Чемпионлар лигасидаги ғалаба учун тақдим этилган медал ҳам топилди.
Изоҳ (0)