Футбол бўйича Евро—2020 мусобақаси саралаш босқичи 8-тури доирасида 14 октябрь, душанба куни гуруҳларда бир қанча учрашувлар ниҳоясига етди.

Фото: Twitter/@England

«А» гуруҳидан ўрин олган баҳсда ўтган турда Чехияга имкониятни бой бериб қўйган Англия терма жамоаси сафарда Болгария термасини синовдан ўтказди.

Беллашув давомида Англия термаси вакиллари Маркус Рэшфорд (7), Росс Баркли (20, 32), Раҳим Стерлинг (45, 69) ҳамда Ҳарри Кейн (85) бирин-кетин рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Шу тариқа англияликлар Болгария дарвозасига жавобсиз 6 та гол уриб, муҳим 3 очкони қўлга киритди.

Мазкур ғалабадан сўнг Англиянинг очкоси 15 тага етди ва жамоа гуруҳда етакчиликни мустаҳкамлади. Сўнгги ўринда бораётган Болгария ҳисобида эса 3 очко мавжуд.

«A» гуруҳидаги ҳолат:

Шу куни Криштиану Роналду етакчилигидаги Португалия терма жамоаси меҳмонда Андрей Шевченко бошқарувидаги Украина термаси билан баҳсга киришди.

Ўйинда Украина вакиллари Роман Яремчук (6) ва Андрей Ярмоленко (27) томонидан урилган голларга португаллар Роналдунинг 72-дақиқада пенальтидан урган голи билан жавоб қайтарди.

Шу тариқа Португалия Украинага кичик 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва очко йўқотди.

Таъкидлаш жоиз, тўқнашувнинг 72-дақиқасида Украина ярим ҳимоячиси Тарас Степаненко ҳакам томонидан қизил карточка билан жазоланди.

Маълумот учун, Португалия 11 очко тўплаган ҳолда «B» гуруҳида 2-ўринни эгаллаб турибди. Украина эса 19 очко билан биринчи ўринни банд қилиб турибди.

«B» гуруҳидаги ҳолат:

«H» гуруҳида эса Дидье Дешам бошлиқ Франция термаси «Стад де Франс» стадионида Туркия терма жамоасини қабул қилди.

Учрашувнинг 76-дақиқасида франциялик ҳужумчи Оливье Жиру ҳисобни очди. Орадан 5 дақиқа ўтиб эса Туркия термаси ҳимоячиси Каан Айхан ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа ўйин 1:1 ҳисобида якунланди ва томонлар бир очкодан бўлишиб олди.

Қайд этиш жоиз, Франция 19 очко жамғариб гуруҳда иккинчи ўриндан жой олди. Туркия эса худди шунча очко йиғган ҳолда пешқамга айланиб олди.

«H» гуруҳидаги ҳолат:

Евро—2020

Саралаш босқичи

7-тур баҳслари

15 октябрь, душанба

«А» гуруҳи

Болгария—Англия 0:6

Голлар: 0:1 — 7 Рэшфорд, 0:2 — 20 Баркли, 0:3 — 32 Баркли, 0:4 — 45 Стерлинг, 0:5 — 69 Стерлинг, 0:6 — 85 Кейн

Косово—Черногория 2:0

Голлар: 1:0 — 10 Ррахмани, 2:0 — 34 Мурики

«B» гуруҳи

Литва—Сербия 1:2

Голлар: 0:1 — 48 Митрович, 0:2 — 53 Митрович, 1:2 — 79 Казлаускас

Украина—Португалия 2:1

Голлар: 1:0 — 6 Яремчук, 2:0 — 27 Ярмоленко, 2:1 — 72, пенальти Роналду

«H» гуруҳи

Франция—Туркия 1:1

Голлар: 1:0 — 76 Жиру, 1:1 — 81 Айхан

Исландия—Андорра 2:0

Голлар: 1:0 — 38 Сигурдссон, 2:0 — 65 Сигторссон

Молдова—Албания 0:4

Голлар: 0:1 — 22 Цикалеши, 0:2 — 34 Баре, 0:3 — 40 Траши, 0:4 — 90 Манай

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!