Эрон полицияси раҳбари, бригада генерали Ҳусайн Аштарий Эрон Ислом Республикаси энг юқори ҳарбий кучга эга бешта мамлакат қаторига киришини маълум қилди. Бу ҳақда «Eron.ru» хабар бермоқда.
Ҳусайн Аштарий бу баёнотини Полиция ҳафталиги муносабати билан қилган ва ҳафталикнинг «Одамлар ишонадиган ақлли полиция» шиорини айтиб ўтган.
Полиция раҳбари мамлакатнинг барча қисмларида тартиб ва хавфсизликни сақлаш учун полиция кучлари ўзини қурбон қилишга тайёрлигини таъкидлаган.
Аштарий мамлакатдаги барқарор хавфсизликка асосий омил сифатида Аллоҳнинг ёрдами, Ислом инқилоби етакчиси Оятуллоҳ Саид Али Ҳамонийнинг кўрсатмалари, армия, Ислом инқилоби қўриқчилари Корпуси ва полиция кучларини кўрсатиб ўтган.
Полиция ҳафталигининг биринчи куни билан бир вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари Ислом инқилоби асосчисининг ғояларига содиқлигини яна бир бор таъкидлаган.
Аввалроқ Ислом инқилоби қўриқчилари Корпусининг аэрокосмик бўлинмаси қўмондони Амир Али Ҳожизода Эрон ракета туннелларини лойиҳа бошланганидан 35 йил ўтиб ҳам тўхтовсиз қазишда давом этаётганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)