«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Лев Толстойнинг «Иқрорнома» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Лев Николаевич Толстой билан илк бор уйимизга ойимнинг мактаб директори бўлиб ишлайдиган бир дугонаси келганида танишганман. Маҳфуза опа бизникига меҳмон бўлиб келганларида менга «Бўри болаларини қандай ўргатади?» деб номланган муқовасида бўрилар расми чизилган ажойиб китоб совға қилган эдилар. Китобдаги қизиқ ҳикояларни ўқиб маза қилганман. Кейинчалик Толстойнинг жуда кўп асарларини ўқидим, ва ҳозир менда у буюк рус даҳоси эканига асло шубҳа йўқ. Адибнинг «Иқрорнома» деб аталган китобидаги ҳолатлар илм йўлидаги ҳар бир инсоннинг бошидан ўтиши мумкин. Толстой ўз ҳаёт йўлида айрим хатоларни биз ўрнак олишимиз учун қилиб бўлган, биз эса бундан ҳулоса қилиб яшашда давом этишимиз керак.

Асар ҳақида

Бу роман Лев Толстойнинг автобиографик асари бўлиб, 1870-йиллар охири – 1880-йиллар бошида ёзилган. Асарнинг асосий мазмуни – ёзувчининг кўп йиллик ички кечинмаларини сарҳисоб қилиш, оғриқли ва эҳтиросли изланишларда азият чеккан ҳаётнинг мазмуни ҳақида янги тушунча бериш. 1882 йили «Рус тафаккури» журналининг май ойи сонида асарни жойлаштириш режаси бор эди, аммо черков цензураси нашрга кескин қаршилик кўрсатди. Асар илк бор 1884 йил Женевада нашр қилинди.

Асар нима ҳақида?

Лев Толстой бир куни акаси келиб Худо йўқлигини айтганидан кейин болаликдан иймонини йўқотганини ёзади. Бир муддатдан сўнг у маълум бир «ақлли» одамнинг иймондан воз кечиши ҳақидаги ҳикоясидан кейин ибодат қилишни буткул тўхтатади. Толстой Худо олдида эмас, балки бошқа одамлар олдида жисмонан бақувват, ақлли ва бой бўлишга интилиб, нигилизм ва ўзини такомиллаштириш йўлини танлади.

Кейин Толстой эҳтирослари ва жиноятлари ҳақида (дуэллар, қартабозлик, зинокорлик, ёлғон ва бошқалар), жамиятнинг аҳволи ҳақида, гуноҳлар рағбатлантирилгани ҳақида ёзади. Кейин у ижодга ишонишни бошлади, ўзи ҳеч нимани билмай туриб бошқаларга ўргатувчи руҳоний сингари яшади. «Нега?» деган саволлар, азоб-уқубатлар ва умидсизликлар ёзувчини ҳаётнинг маъносини излашга мажбур қилди. Ҳаёт унга бемаъни ва ёмон ҳазил бўлиб туюлди, аммо ўлим қўрқуви бор эди.

Фото: Google Photos

1879 йил Толстой учун бурилиш даври эди. Киев-Печёрск ва Троица-Сергивская лавраларига кузги саёҳатдан сўнг ёзувчи бутунлай ўзгариб кетди. У фақатгина иймон уни қутқаришини мумкинлигини тушунди, гарчи у иймонни содда ва оммабоп деб тушунган бўлса-да. Бу унинг учун руҳий шифо бўлди.

«Иқрорнома» ҳаётдаги мақсадни топишни, тақдирингизни тушунишни, жуда кўп саволларга жавоб топишни ўргатади.

Таҳлил

Рус адабиётининг миллий шон-шарафига айланган Лев Толстой ёши элликдан ўтгач, шон-шарафини, бойлигини рад этади, чунки у ички оламида вайронагарчилик ҳис қилади. У кимгадир ўргатиш учун ҳеч нарсаси йўқ деб ўйлай бошлайди. «Ҳаётингиздан албатта маъно топишингиз керак, йўқса бирор кун миянгизни йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас», деб ёзган эди адиб. Унинг ҳаёти, моддий ва маънавий бойликларига қарамай, буни тўлдирмайди; ҳамма нарса бемаъни, мажбурланган; айтайлик, у олиб борадиган ҳаёт кино томоша қилиш каби сохта бўлиб туюла бошлайди. Толстой нимани хоҳласа, уни туб моҳиятигача ўрганишни хоҳлайди. Масалан, унга ҳаёт керак – у ҳаёт моҳиятининг суякларигача боришни хоҳлайди, фақатгина терисини пайпаслаб кўриш уни қониқтирмайди. Охир-оқибат Лев билимни ташлаб, одамлардан ўрганишимиз керак, деган хулосага келади. Инсон Худога ишонса ва ундан маъно топса, яъни излаётган ҳақиқатини Худодан топса, ўз эҳтирослари бўғиб қўйса, сиз иймон билан озиқланган дунёни топасиз – ягона нажот-умидингиз иймондан. У буни топди, чунки унда эллик йил мавжуд бўлган экзистенwиал оғишлардан сўнг Толстой 82 ёшгача яшади ва диний масалаларда саволлари кўпайиб борди.

Ҳамма ёзувчилар биладиган даҳшатли ҳақиқат бор, аммо деярли ҳеч ким асарларини шон-шуҳрат излаб ёзилган деб тан олмайди. Толстой бу китобида ўз асарларини шуҳратпарастлик ва мағрурлик учун ёзишни бошлаганини тан олганига гувоҳ бўламиз. Энди яхшиликка ва мукаммалликка интиладиган ҳаёт бу чекланган ва керакcиз тасаввурга риоя қила олмайди. Шунинг учун у ёзувчилар доирасига кириб, шоирлар ва санъаткорларнинг эътиқоди, яъни ижоднинг асл аҳамияти ва қадриятига ишонишни бошлаганда, Толстой ўзида ночорлик, сиқилиш ва безовталикни ҳис қилади, чунки у бу соҳада «Мен нимани биламан ва бошқаларга нимани ўргатишим мумкин?» каби фундаментал саволлар беришнинг ҳожати йўқлигини англайди.

Чунки ижодкор ўргатиш қобилиятига ҳам эга бўлиши керак. Толстой айтганидек, у ўзи нимани ўргатаётганини билмасдан туриб ёзиши ва бошқаларга дарс бериши мумкин эди. Шунинг учун рус ёзувчиси изланишни давом эттиришга қарор қилади, ёзишдан ташқари, ундаги иймон фақат ҳаётнинг маъносини тушунишга ёрдам бермайдиган хурофот эканини, айниқса ёрдамга муҳтож бўлган ёш, ақлли, меҳрибон акасининг вафотидан сўнг англаган эди. Толстой ёзади: «У бир йилдан кўпроқ азоб чекди, нима учун яшаганини ва нима учун ўлганини тушунмай, азобда ўлди».

Кейин унга чалкашликлар ва жавобсиз саволлар кела бошлади. Ҳаёт тўхтади ва ўз жонига қасд қилиш фикри билан яшай бошлади. «Сиз фақат ҳаётнинг масрурлиги давом этар экан, яшашингиз мумкин, лекин кимдир бу мастликдан халос бўлганда, буларнинг барчаси аҳмоқона ёлғон эканини кўрмаслик мумкин эмас!» деб ёзади Толстой. Бироқ бу фалсафий мулоҳазалар ҳам ёзувчини ишонтира олмайди. Ягона ҳақиқат – ўлим, қолгани ёлғон. Толстой бу ҳақиқатни буюк мутафаккирлар Суқрот, Шопенгауэр, Сулаймон ва Будда мисолида тасдиқлайди. «Мен қарилик, азоб ва ўлим борлигини билган ҳолда ҳаётдан завқлана олмадим», деб ёзади у. Адибни «ҳаёт онги» деб атайдиган ва оддий, саводсиз ва камбағал одамларда кашф этган жуда кучли туйғу ҳаётга қайтаради. Бу кашфиёт –иймон ва ишонч эди.

«Иқрорнома» – буюк рус даҳосини тушуниш учун энг асосий китоб, чунки у бутун ички танглик инқирозини ва унинг бутун ҳаётини белгилаган шахсий ва маънавий изланишларни акс эттиради. Барча қарама-қаршиликларни, афсусларни, ақлий меҳнатни, қидирув ва топилмаларни очиб беради. Биз бу асарда XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия каби мамлакатда яшаган ўз даврининг даҳоси ва зиёлисининг ҳаёт йўлини ва кечинмаларини очиқ тан олишида қатнашишимиз мумкин. Гарчи бугунги кунда Толстойнинг илк асарларидаги баъзи баҳолашлар ва фикрлаш жараёнлари сўнгги асарларининг мавзулари каби бизни ҳайратда қолдиришда давом этмаса-да, «Иқрорнома» ноёб хазиналардан бири бўлиб, унда муаллиф ўз кўз ёшлари ва ақлий тарангликларини бизга кўрсатиш учун ақлини ва юрагини катта қилиб очиб беради. Айниқса бизга дунё адабиётининг энг йирик намояндаси ва ҳаётда жуда муҳим ва таъсирчан бўлган адибнинг характерини, ахлоқий ва маънавий тузилишини яхшироқ англашга имкон беради.

Айни дамда муаллиф боши қотганини билади, чунки ақл ҳаётни рад этишни англатади, иймон эса ақлни рад этишга ундайди. Аммо Толстойнинг ҳали изланмаган, сўнгги йўлни излашдан бошқа иложи йўқ эди. Толстой деҳқонларнинг ҳаётини кузатади ва баҳам кўради, чунки уларнинг иймони шубҳа остида эмас.

Иймон ҳаёт кучи бўлса, бу туйғу ёзувчини Худони излашга, илдизларга қайтишга, ҳаётдаги асосий ва ягона мақсад – яхшироқ бўлишга интилишга олиб келади. Аммо иймонга бўйсуниш охир-оқибат эҳтимол буни ўзи истамаган динга олиб келади. Дин эса черков маросимларини бажаришга мажбур қилиши мумкинлигини англайди. Илоҳиёт учун жой мавжуд бўлган ушбу диний саёҳатнинг сўнгги нуқтаси оятларни ва урф-одатларни ўрганиш ва православликнинг рад қилинишидир: «Мен дин номи билан қилинадиган нарсаларга эътибор бердим». «Ва даҳшат ичида мен деярли православликдан воз кечдим».

Фақатгина тушда ва қисқа вақт ичида бахтли ва осойишта бўлолмаслик яна бир даҳшатли ҳақиқатни тасдиқлайди. Хулоса қиламанки, ҳаёт биз ҳеч қачон эриша олмайдиган бирор нарсани беҳуда излашдек туюлади, шунинг учун биз бундан Толстой сингари ҳақиқат ва севги бирлиги деган ишонч билан қониқишимиз керак.

Хулоса

«Менинг ҳаётим – бу кимдир менга қилган аҳмоқона ва шафқатсиз ҳазил», деб ёзган эди «Уруш ва тинчлик» китобининг муаллифи ўз китоблари билан бойлик ва халқаро шон-шуҳратга эришганида. Толстойнинг бағрига олган чуқур ташвиш уни жонига қасд қилишга ундайди. Шундай қилиб, умидсиз экзистенциал қидирув бошланади, тез орада унда фан, фалсафа, санъат одамлари учун очилган имкониятлар тугайди ва бу унинг ҳаёти ва фикрларини абадий ўзгартирадиган руҳий конвертация билан якунланади. Буюк рус ёзувчисининг ушбу асарида, авваламбор, у ўзи қатнашган ахлоқсизлик ва синизмга қарши чиқиш бор. Бу китоб урф-одатларини муқаддас деб билган «ҳаёт ижодкорлари» бўлган оддий одамларнинг асл донолигини очиб бериши керак.

Лев Толстой.
Фото: Wikipedia

«Иқрорнома» ҳақиқатни қидиришнинг иштиёқли ва очиқ-ойдин хроникаси, буюк диний ваъзлар каби ёзилган, лекин мутаассиблик томонидан бошқара олинмаган озод руҳларнинг очилган қалб дафтаридир.

Иқтибослар

Кўп доноликда буюк қайғу бор; ким билимни кўпайтирса, қайғуни кўпайтиради;

Биз фан деб атайдиган нарса ҳаётни эмас, балки бизни ҳаёт ҳақидаги тушунчамиз фан сифатида нимани тан олиш кераклигини аниқлайди;

Сизнинг ҳаётингиз ўлимнинг кўз ўнгида содир бўлади;

Олов оловни ўчирмагани каби, ёвузлик билан ёвузликни йўқотиб бўлмайди;

Худони қидириб яшанг, шунда Худосиз ҳаёт бўлмайди.

Қизиқарли фактлар

- энг машҳур асари – «Уруш ва тинчлик» Лев Толстойнинг ўзига ёқмас эди;

- таниқли жиддий адабий асарлар билан бир қаторда, Лев Толстой болалар учун китоблар ҳам ёзган;

- Толстойнинг қўлёзмаси жуда хунук бўлган, уни тушуниб олишга кўпчилик қодир эмас эди;

- Толстой жуда кўп тилларни билган полиглот эди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.