Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё молия, рақобатбардошлик ва инновациялар бўйича глобал амалиёти раҳбари Мариализа Мотта бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон илм-фанини тижоратлаштириш лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа 3 компонентдан иборат. 1-компонент 5 миллион АҚШ доллари қийматига эга бўлиб, лойиҳани бошқариш гуруҳини яратиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда танлов бўйича халқаро кенгашни ташкил этишга қаратилган. Томонлар лойиҳага тайёргарлик кўриш масаласига тўхталиб, таҳлилий ва техник-иқтисодий лойиҳалаштириш, лойиҳа ижросини бошқариш, коррупцияга қарши тадбирлар режаси, молиявий бошқарув, мониторинг тизимини ташкил этиш каби жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратди.

30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 2-компонент Ўзбекистондаги илмий-техник тадқиқотлар ҳамда ишланмаларни янада барқарор ва замонавий даражага кўтаришга, илм-фан натижаларидан олинадиган фойданинг ўсишига ва рақобатбардошлигининг ошишига хизмат қилади. Амалий тадқиқотлар ва ишланмалар дастури Ўзбекистон олимлари ва иқтидорли ёш тадқиқотчиларининг жаҳон стандартларига жавоб берадиган илмий ишлар билан шуғулланишларига замин яратади. Бу маблағлар илмий тадқиқотлар, амалий иқтисодий таҳлиллар ва хорижда таълим олиш учун ажратилади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Лойиҳанинг 3-компонентига эса 15 миллион АҚШ доллари ажратилган бўлиб, бу маблағлар технологияларни жорий этиш, илмий концепциялар яратиш, прототиплаш, илмий-тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишлари ва тижоратлаштириш мақсадларига сарфланиши кўзда тутилган. Мазкур грант маблағлари тадбиркорлар, инновацион стартапчилар, технологик инновацияларни амалга ошириш ва янги ёки мукаммаллаштирилган маҳсулот (хизматлар) яратиш имкониятига эга бўлган корхоналарга тақдим этилиши кутилмоқда. Бунда корхоналарга ўз маблағларини ҳам ўз лойиҳаларига сарфлаш шарти ҳам қўйилади.

Томонлар лойиҳанинг кейинги босқичини октябрь ойида муҳокама қилишга келишиб олди. Жаҳон банки вакиллари Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги лойиҳани бошқариш гуруҳи фаолияти учун 100 миллион АҚШ доллари берилиши мумкинлигини қайд этган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар