Шофиркон тумани, «Тинчлик» МФЙдаги Саврак қишлоғи туман марказидан 1,5 километр узоқликда жойлашган, Юқори Саврак ҳамда Қуйи Савракдан иборат.
2016 йилнинг май ойида мавжуд 958 та хонадон табиий газ қувурлари 2-3 ой ичида таъмирланиши важи билан тармоқдан узиб қўйилган. Кутилмаганда ушбу неъматдан бебаҳра қолишгани аҳолининг хавотирланишига сабаб бўлди. Орадан 3 йил ўтса-да, табиий газ қувурлари тармоққа уланмаган. Бироқ, қишлоқдаги 810 хонадон икки йил орасида ҳашар йўли билан алоҳида, янги тармоқ ётқизиб, табиий газдан фойдаланиб келишга муваффақ бўлган. Айни вақтгача эса 187 хонадон, шунингдек, 180 ўринли «Тинчлик» мактабгача таълим муассасаси ҳамда 640 ўринли 12-умумтаълим мактаби тармоқдан бутунлай узиб қўйилган.
«Пул табиий газдек ҳавога учадими?»
«Бормаган жойимиз, кирмаган эшигимиз қолмади. Кўп жойларга ёздик ҳам. Мутасаддилар эса муаммони айтсанг, ‘ёзувчиъга чиқаришади. Майли, шундай дашномниям эшитдик. Аммо кўзни кўр, қулоқни кар қилиб туравериш уларга ярашадими? Саврак 2016 йилда табиий газ тармоқларидан узиб қўйилгач, 2017 йил июнь ойидан бошлаб қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан қувурларни таъмирлаб, қайта уланишди. Қишлоқнинг уланмай қолган чорак қисмини ҳам табиий газга қайта улаш бўйича ‘Бухорогаз’ ҳамда Шофиркон туман ҳокимига мурожаат қилдик. 2017 йилнинг декабрь ойидаги мурожаатимизга ёзма жавоб қайтарилди. Унга кўра, ер ости табиий газ қувурларининг яроқсиз ҳолга келиб қолгани, уларни алмаштириш учун участка омборхонасида газ қувурлари мавжуд эмаслиги, маҳаллий аҳоли билан келишган ҳолда ҳашар йўли орқали табиий газ қувурлари олишимиз ва тармоққа уланишимиз мумкинлиги тушунтирилган (Бу ҳудудий филиалнинг Шофиркон туманлараро газ таъминоти участкаси томонидан 2018-йининг 15 июнь ойида чиқарилган №357-сонли хатда ҳам ўз аксини топган). Афсуски, барчасини бажарганимиздан сўнг аҳолидан ҳашар йўли билан йиғилган 130 миллион сўм эвазига ётқизилган қувурларни табиий газ тармоғига улаш бекор қилинди. Шунча пул худди табиий газдек ҳавога учаётганига чидаш мумкинми?!»,—дейилади аҳоли мурожаатида.
Маълумотга кўра, туман марказидан қишлоқнинг қолган қисмига аҳолидан ҳашар йўли билан 2,4 километр масофага Д-100 мм ҳажмли янги табиий газ қувури тармоғи ётқизиш учун «Тинчлик» МФЙда йиғилиш ўтказилган. Табиий газ қувурларини алмаштириш, керакли жиҳозларни сотиб олиш, пайвандчи ва хизмат кўрсатувчи ишчиларга иш ҳақи тўлаш мақсадида ҳомийлар топиш, етмаган қисмини эса ихтиёрий равишда аҳолидан пул йиғиш йўли билан тўлдириш таклифи киритилган.
Барча сарф-харажатлар ҳисобга олинган ҳолда ҳар бир хонадондан ихтиёрий равишда 700 000 (етти юз минг) сўмдан пул йиғилган. Бухоро вилоят ҳудудий газ таъминоти бўлимининг 2018 йилдаги 207-сонли хатига кўра, аҳоли томонидан лойиҳа асосида газ қувурлари тортилган. Туманлараро 6-сонли газ участкаси бошлиғи Ҳамза Муқимов табиий газга уланишга ўн кунлар чамаси қолганда МИБга бориб, олдинги қарздорликларни тўлаш лозимлиги ҳақида айтган. Бу масала ҳам аҳоли томонидан икки кун ичида бажарилган.
«Ёнимиздаги қувурдан газ ўтса-ю, биз тезакда ўтирсак...»
Газ таъминотидаги узилиш ва қайта уланишларга тўсиқ бўлаётган ҳолатлар сабабига ойдинлик киритилишида кўмак сўраб мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашдик.
—Барча ишлар амалга оширилиб, қишлоқнинг қолган 4/1 қисмини табиий газга улашга икки кун қолганда бекор қилинди. Сабабини сўраганимизда, «Биз хабардор бўлмаганмиз, ўзбошимчалик билан қилинган», деган важларни кўрсата бошлашди. Ишни бошлашимиздан олдин «Бухорогаз» раҳбари Ўктам Абдиевнинг ўзи шахсан хонадонимизга бир неча бор келди, аҳоли билан учрашди. Шунча халқнинг олдида қувурлар носозлиги ва яроқсизлигини ҳашар йўли билан таъмирлаш ва созлаш, шунингдек, эски ҳисоблагичларни электрон тежамкор ҳисоблагичга алмаштириш лозимлигини айтди. Ундан ташқари, Ҳамза Муқимов ҳам «рухсат олдим, фақат энди газ линияси лойиҳаларини мутахассислар билан биргаликда тайёрлаш керак. Шунга озгина вақт кетади, кутиб туринглар», деди. Бунга ҳам кўндик. Орадан олти ой вақт ўтди. Аммо натижа бўлмади. Шундоқ ёнгинамиздаги қувурдан табиий газ ўтса-ю, биз ўтин ва тезакда ўтирсак, бизнинг дардимизга ким қулоқ солади?»,—дейди савраклик фуқаро Юнус Шукуров.
Билдирилишича, газ идораси мутасаддилари берган ваъдаларига ишониб, ҳашар йўли билан табиий газга қайта уланиш учун 130 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган аҳолининг бир неча вакили 2019 йилда вилоят ҳокими томонидан Когон ва Пешку туманида ўтказилган сайёр қабулларга шикоят билан борган. Ўктам Абдиев эса ҳар икки ҳолатда ҳам аҳоли вакиллари олдида ўзи чиқиб, уларни тинчлантириш мақсадида «тез орада муаммолари ҳал этилиши» ваъдасини берган.
—Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қайтарди. Қабулига борганимизда эса «Ишдан кетсам кетаману, лекин сенларга газ бермайман, қаерга мурожаат қилсанг қилаверларинг» дея пўписа қилди. Саволларимизга «ишлар сметасиз қилинган», деган жавоб билан кифояланмоқда. Аҳолидан ҳашар орқали пул йиғилганидан ҳамма хабардор, металл қувурлар ўлчами, уларнинг ётқизилиши, қандай тартибда ўрнатилишига йўл-йўриқ беришди-ю, энди ҳужжатлаштиришга келганда ҳеч ким кўмаклашмаяпти. Оғзаки рухсат ва йўл-йўриқ кўрсатилган, лекин «биз фақат улаш қолганда хабар топдик», деган иддаодан нарига ўтишмаяпти,— сўзида давом этади Ю. Шукуров,— қувурлар уланиши чоғида лойиҳалаш институтидан вакил келиб, лойиҳа ҳам чизилди. Тўғри, пул йиғилишида маҳалла ишига аралашилмаган, аммо ҳолатдан хабардор ва ўзлари маслаҳат бериб туришганди.
Мутасаддилар хабардор. Ҳужжатлар тайёр эмас
Фуқароларнинг эътирозлари, норозилик кайфияти қай даражада ўринли ва асосли эканига аниқлик киритиш ҳамда фикрларга холисона ёндашиш мақсадида соҳа мутахассисига мурожаат қилдик. Шофиркон—Вобкент 6-сон участка бошлиғи Ҳамза Муқимов икки ойча илгари техник шартнома ва лойиҳани лойиҳалаш институтига топширгани, лекин негадир иш оқсаётганини билдирди:
— Ҳақиқатан тўғри, буларнинг гапига қўшиламан. Ман шу ерга раҳбар бўлиб келганимда 2,6 километр газ қувурлари ётқизилган эди. Пул йиғилгани ва ишлар бажарилаётгани ҳақида раҳбариятни ўз вақтида хабардор қилган эдим. Биз топшириқ бажарадиган ташкилот. Ҳали қоғозлар тайёр эмас. Ундан ташқари, техник шартнома ҳам, лойиҳа ҳам йўқ. Аслида аҳоли номидан вакиллар келганда, улардан пул йиғмаслик ва газ қувурларни тортмасликни сўраганман. Тўғриси, шу масалада ўзим ҳам қийналдим.
«Бухорогазтаъминот» филиали суюлтирилган газ таъминоти бўлими бошлиғи Сирожиддин Авезов эса аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан газ қувурлари ўтказилгач, уланиш масаласи муаммога айланганини билдирди.
— Қишнинг совуқ кунлари келиши билан хонадонларда табиий газга бўлган талабнинг ошиши натижасида, унинг таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага чиқа бошлайди. Қуйи Савракда эса газ қувури ўтказиш бўйича ҳеч қандай ҳужжатлар тайёрланмаган. Техник шартнома берилмаган. Куз-қиш мавсумида эса аҳолини кафолатланган ёқилғи, яъни суюлтирилган газ билан билан таъминлаш белгиланган. Вилоятнинг 50 фоизи аҳолиси табиий газдан фойдаланаётган бўлса, 50 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган.
Ҳудудий газ идоралари ўз ихтиёри билан бирорта ҳудудни табиий газга улаб ҳам беролмайди, узиб ҳам қўя олмайди. Хўш, биз қайси ҳужжат билан бу ҳудудни табиий газга улаб беришимиз мумкин? Агар уларни улаб берсак, ўз-ўзидан бошқа ҳудудлар ҳам табиий газ тармоғига улаб бериш талаби билан чиқа бошлашади. Ҳақиқий босим ва таъминлаш имконияти, соатлик сарфи ҳисобланган ҳолда имконияти бўлса рухсат берилади, бўлмаса йўқ, —деди С. Авезов.
Ана бўлмасам: «Табиий газ турли касалликлар ривожланишига олиб келади»
Ҳудуд депутати ва сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов, шунингдек, ЎзЛиДЕП туман кенгаши вакиллари ҳам аҳоли мурожаати бўйича вилоят газ идораси раҳбари билан бир неча маротаба учрашишган. «Вилоятда жуда кўп ҳудуд табиий газ тармоғидан узилган. Агар биз аҳоли қўяётган талабга кўра, ушбу ҳудудда табиий газни ёқиб берсак, бошқа ҳудудлар ҳам уланиш бўйича талаб қўя бошлашади», деган бир хил жавоб олинган. Юқори турувчи давлат ташкилотларига бир неча марта хат чиқарилиши ва ҳолатлар ўрганилишига қарамай, муаммо ҳал этилмаган.
— Савракликлар билан юз марта гаплашганман. Улар ўша газни улаб беришни хоҳлашади, мен эса улолмайман. Ҳеч ким уларга пул ҳам йиғ демаган, газ қувури торт ҳам демаган. Улар рухсатсиз ва ўзбошимчалик билан аҳолидан пул йиғиб, газ қувури тортишган. Ўзбошимчалик билан пул йиғиб, қилган ишини «Бухорогазтаъминот» бўйнига юкламоқчи. «Ман ишдан кетсам ҳам бу ишни қилмайман», деб айтганим рост. Агар ҳозир биз Қуйи Саврак ҳудудини табиий газ таъминоти билан таъминлайдиган бўлсак, кейин бошқа ҳудудлар ҳам шуни муаммо cифатида кўтаради, аста-секин суюлтирилган газ баллони етказилаётган қишлоқлар ҳам шу талаб билан кела бошлашади. Айни кунларда табиий газни ишлаб чиқаришга йўналтирилиб, электр энергиядан кўпроқ фойдаланиш концепцияси амалга оширилмоқда. Чунки электр энергияси хавфсиз. Табиий газ заҳарли ҳисобланиб, у йиллар давомида одам танасида турли ўсимта касалликларининг ривожланишига олиб келади,—дея ҳолатга изоҳ берди «Бухорогазтаъминот» раҳбари Ўктам Абдиев.
Ҳар икки гапнинг бирида: «Агар ушбу ҳудудни улаб берсак, ўз-ўзидан бошқа ҳудудлар ҳам шу талаб билан чиқа бошлайди» деган жавоб билан кифояланаётган мутасаддилар бошқа ҳудудларда мутасаддилар хабардорлиги ва кўз ўнгида аҳоли томонидан ҳашар йўли орқали катта миқдорда маблағ йиғилиб, мутахассисларнинг оғзаки кўрсатмаси ва йўл-йўриғи билан газ қувурлари янгидан тортилиб, уланишга шай қилинмаганини тан олишни истамайди.
Моли борлар тезак ёқади, қолганлар-чи?!
Савракликлар билан суҳба давомида аҳолининг қишни резина калиш, турли чиқиндилар ва тезак ёқиб ўтказишига ойдинлик киритилди. Билдирилишича, қишлоқда одамлар томорқаларида мевали-мевасиз дарахтлар тугаб бормоқда. Ҳатто иложсизликдан ҳудуд яқинидаги «Гаворапўшон» қабристони атрофидаги дарахтларни ҳам кесиб, ўғирлаб кетишган.
— Ўтган йил қишда ўтинимиз тугаб қолди. Мол-ҳоли борлар тезак қилиб ёқишади. Эрим вафот этган. Мен икки боламни отасиз ўстиряпман. Рўзғорни зўрға тортаман. Молим йўқ. Хўш, қаердан тезак ёқаман? Мана, шунча кишининг олдида тан олиб айтаман. Ўтган йил қишда қўшниларнинг иккита гужум дарахтини аёл бошим билан кесиб келишга ва уйимни иситишга мажбур бўлдим. Болаларимиз кўрпага ўралиб олиб, дарс қилишади. Ногирон ва кексалар сандалда ўтиришади. Ҳоким ҳам, муовинлар ҳам билади, кўриб туришибди, лекин эътибор ҳам, кўмак ҳам йўқ,—деди Қуйи савраклик Меҳринисо Болтаева. — Тасаввур қилинг, биттагина ариқдан ҳатлаб ўтгудек томонда яшаётган аҳоли газдан бемалол фойдаланиб, иссиқ уйда истиқомат қилишмоқда, бу томондаги уйлар эса бир амаллаб, бир хонани тезакда зўрға иситиб, ҳамма шу хонага қамалиб ўтирибди. Шу ҳам яшашми?
Мактабга ўқувчилар ўтин билан келади. Боғчада ўчоқда овқат пишади
Ҳудуддаги 12-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари қиш-қировли кунларда синфхоналарда ўрнатилган қўлбола печ ва қозонхонага ўт қалаш учун ўтин, тараша келтиришар экан.
Етказилаётган кўмирлар сифатсиз, кесак ва қумдангина иборат. Оқибатда синф хоналари яхши исимаслиги сабабли ўқувчилар дарсларни қалин кийимларда ўтказишади. Мактаб директори ўринбосари Нилуфар Бафоева дераза ойналари олиниб, печкалар ўрнатилса-да, иссиқлик етказиш кучланиши йўқлиги, циркуляцион айланишнинг яхши эмаслиги, қишда ўқувчиларнинг совқотиши ҳақида тўхталди.
Манбага кўра, 2018—2019-ўқув йилида қишлоқдаги мактабни таъмирлаш учун 120 миллион сўм, мактабгача таълим муассасаси таъмирига эса 220 миллион маблағ ажратилган.
Ҳудуддаги 7-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Феруза Кенжаева ҳам ачинарли аҳволдан сўзлади.
— Жорий йилда ҳомийлар томонидан мактабгача таълим муассасамиз имкониятлари яхшиланди. Аҳолининг кўмаги билан табиий газ қувурлари ўрнатилди. Аммо натижа йўқ. Муассаса 8 та гуруҳдан иборат. Қишда хоналарни иситиш учун карнайли печлардан фойдаланамиз. Барибир фойдасиз, хоналар исимайди. Техник қоидаларга қанчалик риоя қилсак-да, карнай уланиш жойларидан тутун чиқиб, болалар кўзини ачиштириб ташлайди. Ёзда ўчоқда овқат пиширишимизга тўғри келади. Шароит қийин,—деди у.
Шу куни Шофиркон туман ҳокими ўринбосари ҳудуд аҳолиси ҳамда вилоят ва туман газ идоралари вакиллари билан учрашди. Бунда «Бухорогаз» филиали, Шофиркон-Вобкент 6-сон участкаси, ИИБ инспектори ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддилари Қуйи Саврак қишлоғи аҳолиси томонидан ҳашар йўли орқали табиий газга уланиш бўйича ишлар бажарилганидан хабардор эканлигига ойдинлик киритилди.
—Ҳақиқатан ҳам Саврак қишлоғи аҳолиси табиий газга уланиш бўйича мурожаат қилишганди. Кейин вилоят газ идорасига аҳоли бир неча марта боргач, ташкилот раҳбарининг ўзи қишлоққа келди. Мутасаддилар томонидан: «Сизлар ишни бошлайверинглар, кўмаклашамиз, хоҳлаган жойингиздан тортинг, улаб берамиз» деган оғзаки ваъдалар берилди. Шундан сўнг маҳалла аҳли, ИИБ инспектори йиғилгач, аҳоли розилиги билан ишга киришилганди. Барча техник ва уланиш ишлари тугатиб бўлингач, қишлоқнинг 4/1 қисмини табиий газга улашга икки кун қолганда, тармоққа уланиш бекор қилинган,—дейди Шофиркон туманлараро ГТ участкаси вакили Иззат Саломов.
Муаммо бартараф этиладими?
Энг қизиғи, аҳолининг туман ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар билан юзма-юз мулоқоти давомида қишлоқнинг бир нечта хонадони ҳалигача суюлтирилган газ билан таъминланмагани ва улар ушбу масалада ҳам сарсон бўлишаётганига аниқлик киритилди.
Аҳоли қиш-қировли кунларда «буржуйка» печкаларидан фойдаланади. Қишлоқ болалари шамоллаб қоляпти, уйлар ўтин ва тезакда иситилиб, ўтинда овқат пишириляпти.
Шундай аҳволда қишни ўтказадиган қуйи савракликлар: «Ёшларимиз Россияда, пул ишлагани кетишган. Кўринишидан энди қишлоқда эркак зоти қолмайдиганга ўхшайди, ҳамма тирикчилик деб кетади, бошқа йўли йўқ»,—дейишди.
Шофиркон туман ҳокими ўринбосари Фазлиддин Мирзаев табиий газга уланиш ортида халқни ташвишлантираётган катта муаммо ётганини, тез орада унинг ижобий ечими бўйича чора белгиланишини маълум қилди.
Изоҳ (0)