2020 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)да (хусусан, «газ-заправкалар»да ҳам) кеча-кундуз ишлайдиган ҳожатхоналар фаолияти йўлга қўйилиши керак. Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан 21 сентябрь куни қабул қилинган қарорда белгилаб қўйилган.
Ҳозирда Ўзбекистонда ишлаб турган 4 мингга яқин «заправка»ларнинг 20 фоизидагина ҳожатхона бор. Бу эса нафақат фуқароларга, балки сайёҳларга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда, чунки барча ривожланган мамлакатларда «автозаправка» нафақат ёнилғи олиш, балки овқатланиб, дам олиш жойи ҳамдир.
Қарорда ҳожатхоналарнинг бўлиши мажбурий талаб қилиб белгиланган бўлса (ҳожатхонасиз АЁҚШнинг ишлашига йўл қўйилмайди, эгасига эса чора кўрилади), қолган талаблар фақат тавсиявий характерга эга.
Хусусан, «заправка» эгаларига шохобчани савдо нуқталари, маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш масканлари, бепул Wi-Fi ҳудуди билан таъминлаш тавсия қилинган. 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар эса ҳар бир вилоятида юқорида саналган қулайликларга эга камида битта намунавий АЁҚШ ташкил этилади.
Изоҳ (0)