Фарғона шаҳар марказий шифохонасининг туғруқ бўлимида фуқаро Нозимахон Аҳмаджонова эгизаклар — бир қиз ва икки ўғилни дунёга келтирди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Фарғона вилояти Соғлиқ сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг қўшимча қилишича, аёлнинг турмуш ўртоғи Хуршидбек Иброҳимов ҳарбий хизматчи, Бухоро вилоятида фаолият юритиб келади. Бунгача ушбу оиланинг бир нафар ўғил фарзанди бор эди.
«Чақалоқларнинг отаси ҳарбий хизматчи бўлгани боис, буюк аждодларимиздек салоҳиятли ва жасоратли инсонлар бўлсин, деб яхши ният қилиб, эгизакларнинг энг каттасига Бибихоним, ўғил болаларга Амирбек ва Темурбек, деб исм қўйишди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Қайд этишларича, чақалоқларнинг учаласи ҳам соғлом, малакали мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилган. Айни пайтда онага ҳам, чақалоқларга ҳам тажрибали шифокорлар назорати остида, малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Изоҳ (0)