Саудия Арабистони нефть объектларига дронлар ҳужумига Эроннинг алоқадорлиги борасидаги гумонлар АҚШ разведкасининг бир неча тахминлари билан боғлиқ. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
The New York Times нашрига кўра, АҚШ ҳарбийлари Яман хусийлари жавобгарликни зиммасига олган ҳужумдан аввал Эрон жануби-ғарбидаги ҳарбий базаларда фавқулодда фаолликни қайд этган. Бу эса ҳужумга тайёргарлик аломати бўлиши мумкин.
Шунингдек, Саудия Арабистонида портлаган ракеталар бўлаклари уларнинг парвози йўналишини тахминан белгилаш имконини берган. Вашингтон дронлар Эронда учирилгани, сўнг бироз вақт Ироқ ҳаво ҳудудига кириб, Форс кўрфазини шимол томондан айланиб ўтган деб ҳисобламоқда. Шу тариқа АҚШ кузатув воситаларини чалғитишга ҳаракат қилинган.
Бироқ, АҚШ разведкасида бу ҳолат юзасидан ҳали аниқ далил-исботлар йўқ ва Вашингтон Саудия Арабистони ҳарбийлари олиб бораётган текширув якунларини кутишга қарор қилган. Ар-Риёд эса ҳозирча дронлар Яман ҳудудидан учиб келмагани ҳақида баёнот бериш билан чекланди.
Маълумот учун, дронларнинг Саудия Арабистони нефть объектларига ҳужуми оқибатида мамлакатда нефть қазиб олиш 50 фоиздан кўпроққа камайди ва бу 16 сентябрь куни нефтнинг дунё нархлари ўртача 20 фоизга кўтарилишига олиб келди.
Изоҳ (0)