Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар ҳужуми юз бергач, 2019 йил ноябрь ойида етказиб бериш шарти билан сотилаётган Brent маркасидаги нефть нархи 13,86 фоизга ошиб, бир баррел учун 69,91 долларга етган, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».
Лондоннинг ICE биржаси маълумотларига кўра, WTI маркасидаги нефть нархи 11,23 фоизга ошиб, бир баррели 61,79 долларга баҳоланган. Тошкент вақти билан 4:30 га келиб Brent’нинг нархи бир баррел учун 68,05 долларгача тушган. WTI’нинг нархи эса бир баррел учун 61,14 доллар бўлиб турган эди.
Нархлар Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар воситасида ҳужум уюштирилганидан сўнг юз бермоқда. Ҳужум учун жавобгарликни яманлик исёнчи хусийлар ўз зиммасига олган. АҚШ эса бу ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди.
Расмий Ар-Риёд ҳужумлардан сўнг мамлакатда нефть қазиб олиш ҳажми 50 фоизга қисқарганини маълум қилди — бу жаҳон бўйича қазиб олинаётган кунлик «қора олтин»нинг тахминан 5 фоизи, дегани. Саудия Арабистони душанба оқшомига қадар нефть қазиб олиш ҳажмини учдан биригача қайта тиклашини билдирган.
Изоҳ (0)