Saudi Aramco компаниясининг объектларига уюштирилган ҳужум учун Эрон жавобгардир, деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
«Кескинликни юмшатишга қаратилган чақириқлар бўлаётган бир вақтда Эрон жаҳон энергетика етказмаларига мисли кўрилмаган ҳужум уюштирди. Ҳужумлар Ямандан туриб амалга оширилганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ», — деб ёзди Помпео.
АҚШ давлат котибининг таъкидлашича, АҚШ ва унинг иттифоқчилари «Эрон ўз тажовузига жавоб бериши учун» қўлидан келган барча чораларни кўради. Сенатор Линдси Грем, ўз навбатида, Эроннинг нефть объектларига зарбалар бериш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса Саудия Арабистонидаги нефть объектларига бўлган ҳужумларга форс давлати алоқадор экани ҳақидаги айбловларни «асоссиз» деб атади.
Дронлар воситасида 14 сентябрга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида Саудия Арабистонида кунлик нефть қазиб олиш ҳажми 5 миллион баррелга камайди. Бу жаҳон бўйича қазиб олинадиган нефтнинг тахминан 5 фоизи, дегани.
Изоҳ (0)