Франциянинг Louvre Hotels Group компаниялар гуруҳи Дамашқда иккита меҳмонхона очади. Бу ҳақда Le Monde’га асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Беш юлдузли Royal Tulip Semiramis ва тўрт юлдузли Golden Tulip Mazzeh меҳмонхоналари 2020 йил баҳорида — улар жойлашадиган бинолар қайта тикланганидан сўнг иш бошлаши кутилмоқда.
France 24 телеканали хабарига кўра, бу 2012 йили фуқаролар уруши бошланганидан бери Сурияга келган илк Ғарб меҳмонхона тармоғидир.
Louvre Hotels Group — жаҳондаги энг йирик меҳмонхона тармоқларидан бири. Унинг бошқаруви остида жаҳоннинг 54 мамлакатида 1,5 мингдан ортиқ меҳмонхоналар бор. Компания 2015 йилдан бери хитойлик инвесторларга тегишли.
2010 йили Сурияга 8,5 миллион нафар чет эллик ташриф буюрган эди. 2018 йилда мамлакатга келган хорижлик фуқаролар сони 1,8 миллион нафарни ташкил этган.
Қайд этиш жоиз, пойтахт Дамашқ фуқаролар уруши бошидан бери президент Башар Асад ҳукумати назорати остида бўлиб турибди.
Изоҳ (0)