Мажбурий ижро бюро ходимларининг изланишлари натижасида Андижон шаҳрида энергия ресурсларини ўғирлаб сотиб келаётган мансабдор шахслар қўлга олинди, деб хабар беради ЎзА.
Андижон шаҳридаги тўртта маҳалланинг 222 хонадонига Андижон туман ҳокимининг 2013 йил 13 майдаги 25-Ф-сонли фармойишига асосан суюлтирилган газ етказиб берилаётган эди. Лекин «Узтрансгаз» АЖ «Андижонгаз» ҳудудий газ таъминоти филиали Андижон шаҳар газ 1-участкаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ж. Тўрахонов ва бошқалар қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирган ҳолда 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилни 31 январь кунига қадар 333 260 метр куб табиий газ сотганлиги аниқланган. Бу қилмиши билан улар жамиятга 106 миллион 643 минг 074 сўм миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан МИБнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан Ж.Тўрахонов ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
Изоҳ (0)