Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида мустақилликнинг 28 йиллиги байрами муносабати билан 20 га яқин ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Туманнинг «Чандир» қишлоғида Маданият маркази, «Помуқ»да эса 100 ўринга мўлжалланган давлат мактабгача таълим ташкилоти, «Жейнов» қишлоғида қишлоқ шифохонаси, «Гулистон»да эса тикув маркази фойдаланишга топширилган.
— Шунингдек, «Миришкор» қишлоғида аёллар реабилитация маркази, туман марказида «Яккасарой» ёшлар гузари, «Элобод» қишлоғидаги ички йўллар қурилиши ҳамда 11 та уй шароитидаги боғча очилиши тантанали тус олди, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Файзулла Эшқулов. — Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига туҳфа сифатида ишга туширилган мазкур иншоотлар туфайли эндиликда 200 нафар киши ишли бўлди.
Маълум қилишларича, биргина «Гулистон» қишлоғидаги «Меҳнат-роҳат» палаткали шаҳарчасидаги чеварчилик тикув маркази ҳамда «Миришкор» қишлоғидаги аёллар реабилитация маркази ва Янги Миришкор шаҳарчасидаги «Яккасарой» ёшлар гузари очилиши туфайли 100 нафардан ортиқ хотин-қиз ва ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлган.
Байрам муносабати билан тумандаги энг катта аҳоли масканларидан бири бўлган «Помуқ» қишлоғига тоза ичимлик суви келтирилган. «Дўстлик» массивига эса сув қувурлари ўтказилмоқда. Ишлар битгач, ушбу ҳудудга ҳам тоза ичимлик суви келтирилади.
Мазкур ижтимоий соҳа объектларининг очилишида туман ҳокими Равшан Комилов ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, аҳоли турмуши обод бўлса, кўнгиллар шод бўлишини таъкидлади.
Изоҳ (0)