Ўзбекистоннинг Россиянинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев 25 август куни йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга ёрдам беришда мардонавор ҳаракати учун Ўзбекистон фуқароси Данил Йўлдошевга ташаккурнома топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Перм шаҳрида 17 август куни шаҳар автобуси ЙТҲга учраб бинога урилган эди. Оқибатда бир одам ҳодиса жойида вафот этган, 32 дан ортиқ шахслар жароҳат олган. Машғулотга кетаётган Данил Йўлдошев тўхтаб, уларга ёрдам берганди.
У қийшайиб кетган орқа эшикларни бузиб, автобусдан одамларни олиб чиққан ва ўтиб кетаётган машиналар ҳайдовчиларидан жароҳатланганларни касалхонага олиб боришни сўраган. «Тез ёрдам» келганидан сўнг ҳам шифокорларга ёрдам беришда давом этган.
Бош консулхонада Ўзбекистон фуқаросига мадонавор ҳаракати ва инсонпарварлиги учун ташаккурнома топшириш маросимида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ҳамда олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмуҳамедов иштирок этди ва ташаккурномага имзо чекди.
Аввалроқ Данил Йўлдошев инсонларни қутқаришда кўрсатган жасорати ва қатъийлиги учун Перм ўлкаси губернатори Максим Решетниковдан миннатдорлик хати олганди.
Изоҳ (0)