23 августнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё» дайжестида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон шароитида жамиятдаги энг ҳурматли инсон — муаллим. Вазирлар, прокурорлар ҳам энди мактабларда ўз соҳаси бўйича дарс беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз», деди Президент.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва Халқ таълими вазирликларига 2020 йилда халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жойлар, автотранспорт учун кредитлар бериш ҳам кўзда тутилган.

***

Ўзбекистонда доллар курси қаторасига учинчи кун пасаймоқда.

23 август куни 1 доллар 9366 сўм бўлгани қайд этилди ва курс бир кун аввалгига нисбатан 5 сўмга пасайди.

***

Россияга 13 йил аввал кетганча уйига қайтиб келмаган самарқандлик Шоҳиста Солиева қидирилмоқда.

У ҳақида бирор-бир маълумотга эга бўлган шахслардан 94-608-05-74, 94 180-57-35, 93 669-23-64 рақамларига қўнғироқ қилиш сўралган.

***

Францияда 66 ёшли жарроҳ 250 нафар болага нисбатан жинсий зўравонликда гумон қилинмоқда. «Vesti.ru»нинг хабар беришича, эркак бутун Франция давлати тарихида энг ёмон педофил, деб айтилмоқда.

Қайд этилишича, шифокор 2017 йилда педофилликда айбланиб, ҳибсга олинган. Ҳозирда эркакнинг жиноий хатти-ҳаракатларига оид янги далиллар пайдо бўлмоқда. Гумонланувчининг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этмоқда, лекин кичик ёшдаги қизларга нисбатан девиант хулқ-атворини тан олган.

Тергов ҳаракатлари давомида педофил-шифокорнинг кундалиги топилган бўлиб, унда 250 нафар болага нисбатан жинсий характердаги ҳаракатлари батафсил баён этилган

***

Қирғизистон Жўқорғи Кенгеси депутати Ирина Карамушкина мамлакат собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг қароргоҳида асирларни қўлга олишга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Ирина Карамушкина Қирғизистон Жиноят кодексининг 244-моддаси («Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси») билан гумонланаётгани ҳақида расмий огоҳлантириш хатини олган.

***

Майкл Жексоннинг собиқ агенти Реймон Бейн қўшиқчининг ўлимидан бир неча йил олдин махфий васият ёзганини маълум қилди.

Бейннинг сўзларига кўра, ҳужжат 2006 йилда тузилган ва у бундан 4 йил аввал ёзилган васиятноманинг ўрнини босиши лозим бўлган.

Унинг таъкидлашича, Жексон унинг меросини қандай сақлаб қолиш кераклиги ҳақида ҳужжатда батафсил баён қилган. Бейн, шунингдек, ҳужжатнинг нотариал тасдиқланишида иштирок этганини ва унинг мазмунини эшитганини ҳам айтган.