Американинг Платтсбург шаҳрида эр-хотин икки оғизли ноодатий балиқ тутиб олди, деб ёзмоқда Daily Star.

Фото: Daily Star

Маълум бўлишича, Дебби Гедес ўз турмуш ўртоғи Адам билан Шамплейн кўлида балиқ овлаётган бўлган. Бир пайт қармоқ одатдагидан ҳам кучлироқ тортилганини пайқаган ва каттароқ балиқ илинган бўлса керак, деб ўйлаган. Аммо Дебби қармоқни сувдан чиқарганда форель (гулмоҳи) балиғини кўриб, ҳафсаласи пир бўлган.

Уни кўздан кечирган балиқчилар оғзи иккита эканлигини кўрган. Балиқни бир неча марта суратга олгандан сўнг уни кўлга қўйиб юборишга қарор қилишган.

Жуфтлик олинган суратларни Facebook’даги «Knotty Boys Fishing» гуруҳида жойлаган. Адамнинг фикрича, мутация оқава сувлар қуйилувчи Шамплейн кўлининг ифлосланиши натижасда юзага келган бўлиши мумкин. Дебби эса иккинчи оғиз бошқа балиқчи жароҳат етказгани оқибатида пайдо бўлган деган фикрда. Шунга қарамай, балиқ соғлом ва фаол кўринган.