8 августнинг эътиборга молик янгиликлари — «Дарё» дайжестида.
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бир неча соат давом этган ҳарбий операциядан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига таслим бўлди. У Қирғизистон ИИВ тергов бош бошқармасига олиб келинди.
У ўз қароргоҳи ҳудудидан кучишлатар тузилмалар ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилди. Қайд этилишича, йўллар ёпиқлиги боис Атамбаев Иссиқ-Ота тумани орқали олиб кетилган
***
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига синглисининг суратини қўйиб, уни туғилган куни билан табриклади.
«Менинг гўзал синглим, Шаҳнозам! Сен биз учун ҳар доим жажжи, севимли сингилчамиз бўлиб қоласан! Туғилган кунинг билан! Сенга бахт-саодат ва сиҳат-саломатлик тилайман! Мен доим ёнингдаман. Сени жуда яхши кўраман», — дейилади сурат остига қолдирилган изоҳда.
***
UzAvto Motors заводи профилактика ишлари туфайли автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатмоқда.
Иш режасига мувофиқ, UzAvto Motors АЖ заводларида 2019 йилнинг 26 августидан бошлаб йиллик режали профилактика ишлари бошланади.
Ушбу чора-тадбирлар доирасида корхоналарни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида режали текшириш, асосий ва ёрдамчи технологик ускуналар ва бутловчи қисмлар, коммунал ва режали таъмирлаш ишлари олиб борилади.
UzAvto Motors 2019 йилнинг 23 сентябридан яна автомобиль ишлаб чиқаришни бошлайди.
***
Синоптиклар хабарига кўра, Ўзбекистонда ниҳоят салқин ҳаво кузатилади.
Қайд этилишича, 9 августдан ҳаво ҳарорати 41 даража иссиқдан 36 даражагача тушади. Кечаси ҳарорат атиги 21 даражани ташкил этади.
***
8 август, пайшанба куни мулла Абдулғани Бардар бошчилигидаги «Толибон» делегацияси Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Толибон»нинг Доҳадаги сиёсий офиси расмий вакили Суҳайл Шахин маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлигида «Толибон» ҳаракатининг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Ахунд бошчилигидаги Ҳаракат вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш мақсадида мамлакатда тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
***
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйда яшаётган одамлар билан мулоқот қилиб, уларнинг яшаш тарзи билан танишди.
Унинг маълум қилишича, «Ўзбекистон» нашриёти ходимлари 30 йил ўтиб яшаётган уйларига эгалик ҳужжатларини олган.
«Мазкур корхонада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб, ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келаётган фахрийларимиз ҳам бор. Ҳатто бир ходимимиз шу даргоҳда фаолият бошлаганидан буён фарзанд катта қилиб, яқинда қиз чиқараётган экан. Бутун жамоа оилавий аҳил ва борди-келди қилар экан. Уларни ҳозирга қадар битта дард безовта қилиб келар эди — ушбу хонадонлар уларга қарашли эмас эди. Уй ўзингники бўлмаганидан кейин халоват топмай, хавотир ва ҳадик ичида яшашни тассавур қилиб кўринг. Айтиш керакки, мазкур уй 1988 йилда фойдаланишга топширилган. Одамлар ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида шу уй ўз мулкига айланишини орзу қилиб, кутиб яшади», — деб ёзади у.