Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари иш юритувига 40 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда «Дарё»га вакил девони бош инспектори Неъматилла Абдуллаев маълум қилди.
Уларнинг аксарияти юзасидан ўрганиш ишлари якунланди. Қонунбузилиш ҳолатлари, бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат идоралари раҳбарлари номига тақдимнома киритилди ва шу асосда масъул шахслар интизомий жавобгарликка тортилди.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги жисмоний ва юридик шахсларга берилиши асоссиз кечиктириб келинаётган 400 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. 4 нафар фуқарога хонадонида асаларичилик, 3 нафарига қуёнчилик, 2 нафарига иссиқхона, 1 та МЧЖга меваларни сақлаш учун музлатгич қуриш, битта хусусий корхонанинг тикувчилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйилиши таъминланиб, 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишига эришилди.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи Д.Шерматов ва А.Абдулпаттаевнинг мурожаати ўрганилганида, улар жорий йилнинг март ойидан бери «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредит ололмаётгани аниқланди. Улар қуёнчилик соҳаси бўйича «Қишлоққурилишбанк» Наманган минтақавий филиалига кредит берилишини сўраб мурожаат қилган бўлса-да, банк ходимлари турли баҳоналарни рўкач қилиб, уларни сарсон қилган. Орадан 1,5 ой вақт ўтгач эса тақдим этган ариза ва ҳужжатларини мурожаатчиларга қайтарган.
Мазкур ҳолат Марказий банк вилоят бош бошқармасидан мутахассис жалб этган ҳолда ўрганилганида, банк муассасаси томонидан кредит бериш асоссиз рад этилиб, қонун талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Вакил девони ходимлари аралашуви билан ҳар икки фуқарога 28 миллион 754 минг сўмдан кредит маблағи ажратилиши таъминланди. Аризаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини ва рўйхатга олинишини таъминламаган банк мутахассисига нисбатан эса филиал бошқарувчисининг буйруғига асосан интизомий жазо берилди. Банк минтақавий филиали бошқарувчиси ҳам расман огоҳлантирилди.
«Фура идеал центрэ» хусусий корхонаси раҳбари Ф.Солиев вакил девонига қилган мурожаатида махсус совутиш жиҳозлари олиш мақсадида жорий йил март ойидан бери ТИФ «Миллий банк» Тўрақўрғон тумани филиалидан 200 миллион сўм миқдорда кредит олишда асоссиз кечиктиришлар бўлаётгани, оқибатда мева-сабзавотларни сақлаш билан боғлиқ тадбиркорлик фаолиятини юрита олмаётганини маълум қилиб, амалий ёрдам берилишини сўраганди. Бу мурожаат ҳам Марказий банк вилоят бош бошқармаси мутахассисини жалб қилган ҳолда ўрганилди ва масала ижобий ҳал қилинди.