Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси биринчи қисмига ўзгартиришлар киритилган бўлиб, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати бўлмаган тақдирда уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солинади. Қонун билан киритилган мазкур ўзгартиришлар жорий йилнинг 4 август кунидан кучга киради. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 7-бандига асосан транспорт воситасининг ҳайдовчиси ички ишлар органлари ходимлари талаб қилганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификатини текшириш учун тақдим этиши шарт.
«Avtotest Report» МЧЖ юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари, жумладан, йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш бўйича фаолиятини тўхтатишини эълон қилганди. Шундан сўнг ҳаракат иштирокчиларида «энди малака ошириш учун қаерга мурожаат қилишимиз керак?» деган саволлар туғилди.
ИИВга кўра, ҳозирги кунда мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти малака ошириш курсларини очиш учун лицензия олиш ишларини ниҳоясига етказмоқда. «Ватанпарвар» ташкилотининг республиканинг барча ҳудудларида бўлимлари мавжуд. Яқин кунларда юридик мақомдаги ташкилотлар «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиши ҳамда белгиланган тартибда малака ошириш курсларида ўқиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)