Халқаро армия ўйинлари доирасида 10 та давлат полигонида дунёнинг 36 та мамлакатидан келган ҳарбийлар ўз профессионаллигини намойиш этади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Жорий йилги Халқаро армия ўйинларида дунёнинг 36 мамлакатидан келган 200 жамоа таркибида 5 минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи иштирок этиши кўзда тутилган. Улар 10 давлатнинг 25 та полигонида ўзларининг профессионал маҳоратини намоён этади. «АрМИ—2019» доирасидаги танловларнинг 15 таси Россия ҳудудида ўтказилса, қолганлари Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Қозоғистон, Мўғулистон ва Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Халқар ўйинларнинг энг қизиқарли йўналиши ҳисобланган «Танк биатлони» Москва вилоятидаги «Алабино» полигонида ўтказилса, «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналишига биринчи бор Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигони мезбонлик қилади.
Қозоғистонда эса учта танлов бўлиб ўтади: алоқачилар беллашуви — «Ишончли усул», учувчисиз учиш аппаратлари экипажлари мусобақаси ҳамда «Артиллерия олови устаси». Снайперлар ва махсус бўлинмалар Беларусда беллашади. «От маршрути» — Мўғулистонда, «Дунё жангчиси» — Арманистонда, «Денгиз кубоги» — Озарбайжонда ўтказилади.
Изоҳ (0)