4 август куни старт бериладиган Халқаро армия ўйинларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган 10 та хорижий давлат ҳарбийлари қизғин тайёргарликни бошлаб юборди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Жамоалар халқаро танлов доирасида эркак ва аёл ҳарбий хизматчилар индивидуал маҳоратларини АК-74 автомати ва ПМ пистолетидан отиш, Тайфун-К ҳарбий техникаси орқали тўсиқли йўлларни енгиб ўтиш, тиббий хизмат ҳарбийларининг мажмуавий машғулотлари (тўсиқли йўлак ва шахсий маҳорат) ҳамда махсус ҳарбий техникани ҳайдаш маҳорати шартлари бўйича тайёргарлик машғулотларида намойиш этди.
Жаҳоннинг турли минтақаларидан ташриф буюрган меҳмонлар амалий тажрибаларига ишонч ҳосил қилибгина қолмай, Ўзбекистоннинг иқлимига мослашмоқда.
«Қардош ўзбек халқининг нақадар тантилиги, меҳмондўстлигига яна бир бор амин бўлдик. Бунинг учун мен, ўзбек халқига Озарбайжон халқи номидан раҳмат айтаман. Кайфиятимиз аъло даражада... Айни дамда отиш тайёргарлиги машқларини бажаряпмиз. Юз ва эллик метр узоқликда жойлашган нишонни яксон қилиш тажрибали мерганларга мураккаблик туғдирмади», – дейди озарбайжонлик тиббий хизмат катта лейтенанти Гунтекин Мамедзода.
Изоҳ (0)