«Дарё» интернет-нашрига келиб тушган навбатдаги мурожаатда ИИБ бошлиғининг зўравонлиги ҳақида сўз боради. Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги «Чароғил» қишлоғида яшовчи фермер Бекзод Фармонов туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов доимий равишда уни ҳақорат қилиб келганини, жорий йилнинг 21 июль куни эса унинг хонадонига тўсатдан бостириб кириб, тинтув ўтказганини айтмоқда. Фермернинг билдиришича, ИИБ бошлиғининг тасодифий тинтуви тарвуз еб ўтирган 4 ва 6 ёшли фарзандларини қўрқитиб юборган. Энг ёмони фермернинг аёлига куч ишлатган ИИБ бошлиғи воқеа сўнгида ўзини жабрдийда кўрсатиш мақсадида телефони ва кўзойнагини синдириб, махсус гуруҳ чақиртирган.
Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев мурожаат асосида воқеа тафсилотларини ўрганди.
— 21 июль куни далада ишлаётган пайтим фермер хўжалигимга бириктирилган туман агрохимиянинг бошлиғи Толиб ака телефон қилиб, кечки пайт соат 18:30 да йиғилиш борлигини айтиб, боришимни тайинлади, — дейди фермер Бекзод Фармонов. – Шунда Толиб акага «ака, пахтам бир ярим ойдирки сув ичмаяпти, туман ҳокими ва ИИБ бошлиғидан сув сўрайвериб чарчадим, келиб сув олишимга кўмаклашинг, пахтани суғорайлик, дедим. Шунда Толиб ака «гапни кўпайтирма, йиғилишга борасанми йўқми», деди. Жаҳл устида «бормайман», дедим ва ишимни давом эттирдим.
Фермер Бекзод Фармоновнинг айтишича, унинг 7 гектарлик пахта даласи 12 июнь кунидан буён умуман суғорилмаган. Чароғил ҳудуди туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов сектори бўлгани боис, ушбу ҳудудда жойлашган фермер хўжаликларига сув беришни ИИБ бошлиғи назорат қилган. Фермер ўтган фурсат давомида ИИБ бошлиғига ҳам, туман ҳокими Ғайрат Бегалиевга ҳам кўп маротаба мурожаат қилса-да, сув берилмаган.
Бундан 3 йил илгари қайта ташкил этилган «Паризода Рўзиқулова» фермер хўжалиги эгаси Бекзод Фармоновнинг айтишича, фермер ва агрокимё бошлиғи ўртасидаги суҳбат тез орада туман ИИБ бошлиғи қулоғига етиб боради. Бошлиқ эса ўша заҳоти фермерга қўнғироқ қилади.
— Дала ишлари билан бандлигим ва телефоним машинада қолгани боис, туман ИИБ бошлиғининг қўнғироғини кейин кўрдим ва тезда қайтиб телефон қилдим, — дейди Бекзод Фармонов. – Шунда ИИБ бошлиғи «мажлисга бормайман дебсан», деди. Жаҳл устида бормайман деб айтиб юборганимни, аммо мажлисга албатта боришимни айтдим. Шунда бошлиқ «мажлисни қўй, мен уйингдаман уйингга кел», деди. ИИБ бошлиғининг уйимга борганини эшитиб, тезда уйга етиб бордим. Борсам, уйимда тинтув бўляпти. Болаларим ва аёлим қўрқиб кетган.
Фермернинг айтишича, у уйига боришидан 10–15 дақиқа илгари ИИБ бошлиғи ММТП раиси Шерали Қиёмов ҳамроҳлигида унинг хонадонига дабдурустдан бостириб кириб, тинтув ўтказа бошлаган. Оқибатда фермернинг тарвуз еб ўтирган аёли, 4 ва 6 ёшли фарзандлари қўрқиб кетган.
— Уйимга келганимда ИИБ бошлиғи уйимни тинтув қилаётган экан, — дейди фермер. – Уйда дала ишлари учун олинган 80 литр солярка бор эди. Бизда ёнилғи шохобчаси йўқлиги боис, керакли соляркани уйда сақлашга мажбурмиз. Дала ишлари учун тракторга солярка керак бўлганда, шундан фойдаланамиз.
Фермернинг айтишича, ИИБ бошлиғи уйни кўздан кечириб бўлгач, солярка хусусида сўраган. Фермер солярка ёнилғи тарқатиш шохобчаси йўқлиги сабаб, уйда сақланаётганини айтгач, ортга қайта бошлаган. Ажабланарлиси, ИИБ бошлиғи фермерга нима сабабдан келганини ҳам айтмаган. Шунда фермер ИИБ бошлиғидан даласи учун яна сув сўраган. Пахтаси охирги маротаба 12 июнь куни суғорилганини, айни кунда даласи сувга муҳтожлигини тушунтириб, сув беринг деган. Тайинли жавоб ололмагач, ИИБ бошлиғига пахта учун берилаётган сув Чароғил массивида экилган 200–300 гектар қовун-тарвузга кетаётганини айтиб, ушбу ҳолатни расмга олганини, бу ҳақда вилоят ҳокимига мурожаат қилишини билдирган. Бу гапни эшитган ИИБ бошлиғи эса «Сен нима деяпсан», деб шу заҳоти туман ёнғин хавфсизлиги ходимини чақирган. Ходимга фермер хонадонидаги 80 литр соляркани расмийлаштиришни буюрган.
— Ёнғин ходими билан машинада соляркани расмийлаштираётган пайтимиз ИИБ бошлиғи ҳали қурилиши битмаган уйимга кириб, нималарнидир излай бошлади, — дейди фермер. — Бу менинг ғашимга тегди. Ҳужжатларга қўл қўйиб, ичкарига кирдим ва уйимдан нималарнидир излаётган бошлиққа далага кетишим кераклигини айтиб, уйдан чиқишини сўрадим. Шунда ИИБ бошлиғи мени ҳар доимгидек куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, «Азиз ва Илёснинг кунини бошингга соламан», деди.
Бекзод Фармоновнинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, ИИБ бошлиғи тилга олган Азиз Норов ҳамда Илёс Раҳмоновлар ер майдони ушбу ҳудудда жойлашган фермерлар бўлиб, улар ИИБ бошлиғи қаҳрига учраганлардан. Фермернинг айтишича, Азиз Норов исмли фермер жорий йилги ғалла ўрими пайтида шудринг тушиб қолган ғалласига комбайн тушишига қаршилик кўрсатгач, ИИБ бошлиғи талаби билан қамаб қўйилган. Илёс Раҳмонов исмли фермер эса ғалла режасини ортиғи билан бажаргач, ИИБ бошлиғидан 1 гектар майдондаги ғалласини ўзига қолдиришини сўраган ва ғалланинг ўриб олинишига қаршилик кўрсатган. Оқибатда Илёс фермер ҳам қамалган.
Фермер Илёс Раҳмоновнинг ҳолатга ойдинлик киритишича, ИИБ бошлиғи уни бир кун қамоқда эмас, туман шифохонасининг наркология бўлимида мажбуран ушлаб турган.
— Шартнома бўйича жорий йил 28 тонна ғалла топширишимиз керак эди, — дейди Илёс Раҳмонов. – Қарийб 31 тонна топширдик. Шунда 1 гектар майдондаги ғаллани ўзимга қолдиришларини сўрадим. ИИБ бошлиғи «топширасан» деб туриб олди. Неччи ой ишлаганимни, ғалла олишга ҳаққим борлигини айтдим. Ва ғаллани ўришларига қаршилик кўрсатдим. Шунда ИИБ бошлиғи талаби билан «Жигули» машинасида ИИБга олиб кетилдим. ИИБда роса ҳақорат қилишди. Илгарироқ асаб бўйича даволанганимни пеш қилишиб, мажбурий тартибда туман шифохонасининг наркология бўлимида бир кун ушлаб туришди.
Аниқланишича, фермер ва ИИБ бошлиғи ўртасидаги можаро бошланган пайт ИИБ бошлиғи Чароғил ҚФЙ раиси Миржамил Эшмуродовни ҳам чақирган.
— ИИБ бошлиғи мени чақириб, фермер хонадонида 80 литр солярка сақлаётганини, аслида солярка 20 литргача бўлса уйда сақлаш мумкинлигини айтди, — дейди «Чароғил» ҚФЙ раиси Миржамил Эшмуродов. – Қонуний тартиби қандай билмайман, аммо менинг билишимча, фермер ҳам соляркани иложсизликдан хонадонида сақлаган. Боиси, бизнинг ҳудудда ёнилғи тарқатувчи шохобча йўқ. Эски биноси бор, аммо у талабга жавоб бермайди. Ёнилғи Бешкентдан келтирилади.
Ўша кунги воқеалар ривожига кўра, фермер Бекзод Фармонов ИИБ бошлиғи уни ҳақорат қилишда давом этгач, аёлига воқеани телефонга сёмка қилишни буюрган.
— ИИБ бошлиғини мени ҳақорат қилишда давом этгач, аёлимга телефонимни бериб, ҳолатни сёмка қилишини буюрдим, — дейди Бекзод Фармонов. — Аёлим ИИБ бошлиғининг мени ҳақорат қилаётганини телефонга ёза бошлади. ИИБ бошлиғи телефонни ўчиришни талаб қилди. Сўнгра 5 метр нарида турган аёлимга ташланиб, қўлини қайириб телефонни тортиб олди. ИИБ бошлиғининг аёлимга ташланганини кўрган болаларим бақириб йиғлади. Шунда аёлимга ташланган ИИБ бошлиғига «аёлимдан узоқроқ тур дея» уни қучоқлаб орқага тортдим. Шунда иккаламиз ҳам бараварига йиқилдик.
Маълум қилинишича, ИИБ бошлиғи фермернинг аёлидан телефонни тортиб олаётган пайт унинг қўлига озор етказган.
— ИИБ бошлиғи турмуш ўртоғимни ҳақорат қила бошлагач, воқеани телефонга сёмка қила бошладим, — дейди фермернинг аёли Манзура Рўзиева. – Шунда ИИБ бошлиғи менга ташланди. Қочишимга қарамасдан қўлимни қайириб, телефонни тортиб олди. Қўлимни тирнаб олгани боис, қўлим қонади. Шунда эрим у кишини қучоқлаб орқага тортди. Иккаласи ҳам бараварига йиқилгач, ИИБ бошлиғининг телефони ерга тушди. Мен ҳам унинг телефонини олиб қўйдим.
ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов ўрнидан тургач, унга вилоят ҳокими телефон қилиши мумкинлигини айтиб, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Миржамил Эшмуродовдан телефонини олиб беришини сўраган.
— Телефонини мендан олгач, ерга уриб синдирди, — дейди Манзура Рўзиева. – Кўзойнагини ҳам олиб, униям ерга отди. Устидаги кийимининг тугмаларини юлиб олиб, эримга «Сен мени урдинг, хизмат вазифамни бажаришимга тўсқинлик қилдинг», дея шантаж қилишга ўтди. Ва махсус гуруҳ чақирди. Уйимизни ИИБ ходимлари босди.
Маълум бўлишича, Қарши туман ИИБ бошлиғи телефони ва кўзойнагини ерга уриб синдиргач, ИИБ ва туман прокуратурасидан вакил чақириб, ўзининг жабрланганини маълум қилган.
— Ҳақиқатдан ҳам ИИБ бошлиғи унга вилоят ҳокими телефон қилиши мумкинлигини айтиб, фермернинг аёлидан телефонини олиб беришимни сўради, — дейди раис Миржамил Эшмуродов. — Телефонини олиб берганимдан сўнг, Баҳодир Арслонов «бу телефон ўзи яхши ишламайди» деб телефонини ерга урди. Тақиб юрган кўзойнагини қўлига олиб, уни ҳам отди. Шунда ИИБ бошлиғининг қўлида кийимининг синган тугмаси ҳам пайдо бўлди.
Маълум қилишларича, воқеа сўнгида ИИБ бошлиғи томонидан чақирилган ИИБ ходимлари ва туман прокуратураси терговчилари воқеа сабабини ўрганган. Қандай хулоса қилингани эса бизга қоронғи. Сабаби бу хусусида вилоят прокуратурасидан маълумот олишга уриндик. Аммо ҳар доимгидек вилоят прокуратураси маълумот беришни пайсалга солди.
Журналистик суриштирувларимиз давомида «П.Қурбонов» фермер хўжалиги раҳбари Гулнора Мирзаева ҳам туман ИИБ бошлиғининг хатти-ҳаракатларидан азият чекаётганини айтди.
— 11 май куни пахта чопиғини тугатгандик, — дейди фермер Гулнора Мирзаева. – 21 май куни ҳудуддаги пахта далаларининг аҳволи ўрганилди. Шунда 6 та фермер даласининг ўт босиб ётган ҳолати аниқланган. ИИБ бошлиғи бизнинг пахта даламиз тоза бўлса-да, даласини ўт босган фермерларга қўшиб бизни ҳам рўйхатга олган. Туман ҳокими бу фермернинг ери тоза-ку, нега рўйхатга киритяпсан деб сўраганда, «бу инсофсиз семинарга қатнашмайди», деган. Нотўғри ва асоссиз тузилган далолатнома сабаб, бизнинг еримиз туман захира ер фондига топшириб юборилди. Аммо суд орқали қайтариб олдик. Аммо анча сарсон бўлдик.
Фермер Гулнора Мирзаева туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслоновнинг қишлоқ хўжалигини тушунишига шубҳа қилмоқда.
— ИИБ бошлиғининг қишлоқ хўжалигини, деҳқончиликни тушунишига ишонмайман, бу борада билим-савияси йўқ, — дейди Гулнора Мирзаева. – Аммо ақл ўргатади. Ғалламни кўриб, бу ғалланг бўлмайди деб ерга урарди. Мана 34 тонна режа ўрнига, 55 тонна ғалла топшириб, белгиланган режани 161 фоизга бажардим. Уялиб қолди.
Гулнора Мирзаева ИИБ бошлиғини кўзбўямачилик қилишда ҳам айбламоқда.
— 16 июль куни туман ҳокими ИИБ секторидаги 16 нафар тракторчига 500 минг сўмдан пул ва 5 литрдан ёғ тарқатди, — дейди фермер. – Ҳоким совғани топшириб, кетиши билан ИИБ бошлиғи пул ва ёғларни қайтариб олди. Кўзбўямачилик қилишдан ҳам уялмайди. Нега бундай қилдингиз деб сўрасак, «Менга пул бериб қўйганмидинг», дейди.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Қарши туман ИИБ бошлиғи Баҳодир Арслонов шикоят хусусида эшитгач, тўғридан тўғри маълумот беролмаслигини, вилоят ИИБ матбуот хизмати орқали маълумот олишимиз мумкинлигини айтди. ИИБ матбуот хизматига саволларимизни юбордик. Минг таассуфки, Баҳодир Арслонов саволларга жавоб беришдан бош тортди. Ҳатто ИИБ матбуот хизмати ҳам бу ишни эплолмади. Матбуот хизматининг айтишича, Баҳодир Арслонов бу ҳолатни прокуратура ўрганаётганини рўкач қилиб, прокуратурадан маълумот олишимиз лозимлигини айтган.
Кузатувларимизга кўра, ҳақиқатдан ҳам Чароғил массив ҳудудида гектарлаб ерларга полиз экинлари — қовун, тарвуз экилган. Қовун-тарвуз эгалари асосан водий вилоятларидан келган деҳқонлар эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳудудда ишловчи фермерларнинг гапига кўра, қовун-тарвузлар пахтага деб чиқарилган сувдан суғорилади. Деҳқонлар эса эгалик қилаётган ерларининг гектарига 1 миллион сўмдан ҳақ тўлайди.
Қарши туман ҳокими ўринбосари Жавлов Дўсановнинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, Чароғил массив ҳудудида жами 60 гектар ерга қовун-тарвуз экилган. Полиз экинлари етиштирувчи деҳқонлар ўз ҳудудига сув келтириш учун мотор ўрнатиб, ток тортиб келган. Полиз экинлари учун алоҳида сув берилади. Ўринбосарнинг айтишича, энг муҳими қовун-тарвуз хорижга экспорт қилинмоқда. Аммо ўтган йиллар давомида қовун-тарвуз экспортидан туманга қанча валюта киргани ҳоким ўринбосарига ҳам номаълум экан.
Қувонарлиси, ҳар бир деҳқон еридан кунига 2 та Damas’да 250 тагача қовун ва тарвуз ички бозорга олиб кирилмоқда. Бу дегани ҳудудда дейлик 10 нафар деҳқон бўлса, бозорга кунига 5000 дона полиз экинлари киряпти. Аммо унинг даромадидан давлатга қанча фойда тушаётгани фақатгина туман масъулларига маълум.
Қарши туман ИИБ раҳбарининг хатти-ҳаракатидан азият чекаётган фермерлар арзи-додига ва туманнинг чекка ҳудудида бўлаётган ўзбошимчаликларга мутасаддилар тез орада эътибор қаратишади деган умиддамиз. Мавзуга албатта, қайтамиз.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Дарё» интернет-нашрида Қашқадарё вилоятининг Касби тумани ИИБ бошлиғи Чори Кўчаров фермерлар учун ўтказилган дала семинарида 11 кишига кишан таққани, семинарда қатнашмаган фермерга ходим юбориб, танобини тортмоқчи бўлгани ҳақида мақола эълон қилинганди. Мақола эълон қилингач, Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан Касби тумани ИИБ бошлиғига нисбатан хизмат текшируви ўтказишни бошлади. Бу орада туман ҳокимлиги Чори Кўчаровни «оппоқ» қилишга уринди. Ички ишлар вазирлиги эса хизмат текширув якунларига кўра Касби тумани ИИБ бошлиғи подполковник Чори Кўчаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Изоҳ (0)