Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жорий йилнинг 10 январь куни мудҳиш ҳодиса содир бўлди. Эркак ўзининг икки фарзандини кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватидан пастга улоқтириб юборди. Бу ҳақда «Маҳалла» телеканалида эфирга узатилган кўрсатувда айтилади, деб ёзади Repost.
Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли болаларнинг ҳаёти сақлаб қолинган, бироқ улар бир умрга ногирон бўлиб қолган.
Болаларнинг онаси «Маҳалла» телеканалига берган интервьюсида қуйидагиларни сўзлаб берди:
«Мен унинг руҳий касаллиги борлигини билмасдим. Менга бу ҳақда ҳеч ким гапирмаган. Ушбу муаммо ҳақида тўйдан кейингина билганман. Ўшанда менга турмуш ўртоғимнинг руҳий касал эканлиги ҳақида маълумотнома беришган.
Ҳаётимизнинг биринчи икки йили мобайнида биз яхши яшадик. Кейин унинг ҳунари чиқа бошлади.
Шундан сўнг мен ажрашишга ариза бердим. Эрим бундан хабар топгач мендан ўч олишга қарор қилди. Орадан бироз вақт ўтгач, мен уйга қайтмоқчи бўлдим. Бироқ қайнонам мени қабул қилмади. ‘Сен ўғлимни қаматдинг. Унинг ўзиям, болалари ҳам менга керакмас’, деди.
Мен уйимда яшаш учун рухсат олиш мақсадида маҳалла орқали судга мурожаат қилдим. Бироқ, маълум бўлишича, мени пропискадан ўчиришган экан. Шу тарзда мен ҳеч нарсасиз қолдим, ҳозир онам билан яшаяпман».
Қайд этилишича, ҳозирда болаларнинг отаси қамоқда.
Изоҳ (0)