Мюнхеннинг «Бавария» клуби президенти Ули Хёнесс ўз лавозимини тарк этишга ва 2019 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган сайловда ўз номзодини қўймасликка қарор қилди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Ули Хёнесс келаси йилнинг январь ойида 68 ёшни қаршилайди.
Манбага кўра, Adidas собиқ бош директори Герберт Ҳайнер «Бавария»нинг янги президентига айланиши мумкин. У айни дамда клубнинг кузатув кенгаши раиси ҳам ҳисобланади. Ҳайнер ҳамда Хёнесс қарийб 20 йилдан ортиқ бирга фаолият олиб борган.
Маълумот учун, Хёнесс 1970—1979 йиллар мобайнида «Бавария»да ярим ҳимоя чизиғида тўп сурган. У 27 ёшида футболчилик фаолиятини якунлайди ва 1979 йилда клуб раҳбарияти вакилига айланади. Шу билан бирга у Бундеслигадаги энг ёш менежер бўлади.
2009 йилдан 2014 йилгача Хёнесс «қизиллар» президенти сифатида фаолият олиб борган ва 2016 йилнинг март ойида у мазкур лавозимга қайта сайланган. 40 йил мобайнида Мюнхен клуби унинг қўл остида 16 марта Германия чемпионига айланди, 2 маротаба Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди ва бир марта УЕФА Кубогини қўлга киритди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)