Бразилия терма жамоаси ва «Гремио» ҳужумчиси Эвертон Лондоннинг «Арсенал» клубига ўтишга яқин, дея хабар беради Sky Deutschland.
Манбага кўра, футболчининг трансфер нархи 40 миллион еврога баҳоланмоқда.
Маълумот учун, Эвертон «Форталеза» тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2013 йилнинг январь ойида 16 ёшида «Гремио» академиясига келганди. Орадан бир йил ўтиб ҳужумчи Порту-Алегри клубининг асосий таркибида майдонга тушганди.
Қайд этиш лозим, Эвертон жорий мавсум клуб сафида 13 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 1 та голли узатма берди. Унинг «Гремио» билан амалдаги шартномаси 2022 йилнинг охиригача амал қилади.
Шунингдек, Эвертон Бразлия терма жамоаси таркибида 12 та ўйинда 3 та гол уришга эришди. У терма жамоадаги барча голларини Копа Америка мусобақасида урди.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия мазкур мусобақада ғолиб бўлди ва Эвертон перулик Хосе Паоло Герреро билан бирга мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)