Хўжайли туманида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ҳарбийлар билан учрашув одатдагидек самимий ва сермазмун кечди. Ҳарбий либос кийган юрт ҳимоячиларига ҳавас билан термулиб турган қизалоқлар, акаларидек Ватан тинчлигини асрашни истаган болакайларнинг қувончи ичига сиғмади, деб Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилади.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округи спорт взводининг бир гуруҳ ҳарбий спортчилари билан навбатдаги учрашув ҳам ўксик қалбларга илиқлик олиб кирди. Рустам Жангабаев сингари Осиё чемпионлари билан суҳбат, спортчиларнинг юксак марраларга эришиш сирлари ҳақидаги маърузалар ёшларга руҳий қувват, келажакка ишонч туйғуларини оловлантирди.
Болакайлар спортчиларни Меҳрибонлик уйидаги ёш ижодкорлар клуби, спорт ва информатика тўгаракларига самимият билан таклиф этиб, санъатга, замонавий коммуникация технологияларига қизиқишини кўрсатди. Айниқса, спорт залидаги машқлар орқали болажонлар ҳарбий акаларидек соғлом турмуш тарзини танлаб, етук спортчи бўлиб вояга етишаётганини исботлашди.
Спорт анжомлари ва китоблар тўпламларини совға тариқасида олиб келган ҳарбий спортчилар болажонлар ўртасида кичик викторина ўтказиб, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантирди.
Спортчилар кетар чоғи болажонлар томонидан ижро этилган мусиқий чиқишлар ҳамда рақслар меҳмонларни хушнуд этди.
Изоҳ (0)