Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов касал онасидан хабар олгани кетгани сабабли оммага кўриниш бермаяпти. Бу ҳақда мамлакат сиёсий доираларидаги манба маълум қилди.
«Президент ўлмаган, балки Германияга онасидан хабар олиш учун учиб кетган. Онахон 10 кундан бери оғир ҳолатда, тўшакка михланган», — дея аниқлик киритган манба.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида «Говорит Москва» Евросиё муаммолари мониторинг маркази директори Аслан Рубаевга таяниб хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, Туркманистон президентининг ўлими ҳақида Ашхободда ишлайдиган бизнесменлар маълум қилган.
Кейинроқ Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг вафоти ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади.
Ушбу хабарлар юзасидан расмий Ашхобод изоҳ берганича йўқ.
«Дарё» нашри Тошкентдаги Туркманистон элчихонаси билан боғланишга уриниб кўрди, аммо расмий телефон рақамлари бўйича қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермаяпти.
Изоҳ (0)