21 июль, якшанба куни Покистон шимоли-ғарбидаги Дера-Исмоил-Хон шаҳрида содир этилган экстремистик ҳужум натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлган, яна 30 га яқин киши жароҳат олган. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканалига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Ҳудуд полицияси раҳбари Салим Риазнинг маълум қилишича, мотоциклларда келган экстремистлар дастлаб шаҳарнинг ғарбий қисмидаги назорат пунктига ҳужум қилиб, икки нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ўлдирган. Ҳужумни амалга оширган тўрт жангари воқеа жойидан қочишга улгурган.
Полиция ходимлари жасадлари шифохонага етказилаётган вақтда эса иккинчи ҳужум амалга оширилган. Шифохонага кираверишда худкуш террорчи аёл ўзини портлатиб юборган. Оқибатда икки нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва тўрт нафар тинч аҳоли қурбон бўлди. Телеканал маълумотига кўра, тахминан 30 киши жароҳат олган.
Ҳужумлар учун масъулиятни Покистон Толибон ҳаракати (Теҳрик-и-Талибан Покистон) ўз зиммасига олди.
Изоҳ (0)