Математикада бир қўшув усули бор. Унга кўра, бир сонига бирни қўшса, икки бўлади; иккига иккини қўшса, тўрт бўлади. тўртга тўртни қўшса, саккиз бўлади ва шу тарзда рақамлар катталашгани сайин натижа ҳам катталашиб бораверади. Агар Ер шарида яшаётган инсонлар сонининг ошиб боришига назар солсангиз, математикадаги ўша қўшув усулига ўхшайди. Яъни амалиётда олдинига кичик рақамлар бир-бирига қўшилганда катта рақамга айланиши қийин. Рақамлар бироз катталашганидан кейин уёғига натижа тобора йириклашиб бораверди. Шу мантиқдан келиб чиқсак, Ер юзидаги одамлар сони миллиардга етгунча қанча минг ёки юз минглаб йиллар ўтган. Миллиардга етганидан кейин эса унинг 2 миллиардга, 4 миллиардга, 6 миллиардга етиши учун жуда қисқа муддат кифоя қилди.
Бугунги кунда Ер шарида 7 миллиарддан ошиқ одам яшамоқда. Шунинг қарийб 30 фоизи иккита мамлакат – Хитой ва Ҳиндистонга тўғри келади.
Марҳамат, қуйида аҳоли сони бўйича биринчи ўнлик мамлакатлари билан танишинг.
10. Япония
Аҳоли сони: 126 440 000 (2018 йил октябрь ҳолатига кўра)
Япония аҳолиси Ер шари умумий аҳолисининг 1,65 фоизини ташкил этади.
Япония аҳолиси бир неча йиллардан бери пассив пасайишни кўрсатмоқда. Аммо мамлакат дунёнинг турли мамлакатларидан муҳожирларни фуқароликка қабул қилиб, йўқотишлар ўрнини қоплашга уриняпти.
9. Россия
Аҳоли сони: 146 877 088 (2018 йил январь ҳолатига кўра)
Россия аҳолиси Ер шари умумий аҳолисининг 1,91 фоизини ташкил этади.
Бир пайтлар СССР аҳоли сони бўйича дунёда учинчи ўринда эди. 1991 йилда тарқаб кетганидан кейин унинг энг катта республикаси бўлган Россия пастки ўринларга тушиб кетди.
Бунинг устига, 1991 йилдан бери Россия аҳолиси камайиб келмоқда. Таҳлилчиларнинг хулосаларига кўра, Россия яқин йилларда аҳолиси энг кўп давлатлар ўнталигидан чиқиб кетади. Аҳвол шу тарзда кетаверса, 2050 йилга бориб Россия аҳолиси минимум 120 миллионга, максимум 100 миллионгача камаяди.
8. Бангладеш
Аҳоли сони: 166 009 000 (2019 йил февраль ҳолатига кўра)
Бангладешда Ер шари аҳолисининг 2,16 фоизи яшайди.
Бангладеш бир пайтлар Покистон таркибида бўлган ва кейинчалик мустақил бўлган. Аммо бу мамлакат аҳолиси энг кўп давлатлар рўйхатида ўнталикда юришига халал бермайди. Чунки аҳолиси кўп.
7. Нигерия
Аҳоли сони: 188 500 000 (2016 йил октябрь ҳолатига кўра)
Нигерияда Ер аҳолисининг 2,45 фоизи яшайди.
Нигерия аҳолиси ҳам тез суръатларда ўсмоқда. У Африка қитъасидаги аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади ва яқин келажакда энг аҳолиси кўп мусулмон давлатига айланиши кутилмоқда.
6. Бразилия
Аҳоли сони: 210 215 000 (2019 йил февраль ҳолатига кўра)
Бразилия аҳолиси Ер аҳолисининг 2,74 фоизини ташкил этмоқда.
Бразилия Жанубий Америкадаги аҳолиси энг кўп давлат. Шунингдек, у Ғарбий ярим шарда аҳоли сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.
5. Покистон
Аҳоли сони: 212 742 631 (2017 йил май ҳолатига кўра)
Покистонда Ер аҳолисининг 2,77 фоизи яшайди.
Покистон аҳолиси бир пайтлар ҳозиргидан анча кўп эди. Ҳиндистон Буюк Британия қўл остидан мустақил бўлар экан, мамлакат иккига ажралди. Ҳиндлар кўпроқ яшайдиган томони Ҳиндистон, мусулмонлар кўпроқ яшайдиган қисми Покистон номини олди. Ўшанда Бангол соҳилларида яшайдиган мусулмонлар ҳам Покистон таркибига кирди. Кейинчалик қуруқликдан ўзаро чегара йўқлиги ва бошқа сабаблар билан Бангол қўлтиғида жойлашган Бангладеш Покистондан ажралиб, мустақил давлат бўлди. Шу тариқа Покистон ўзининг анча ҳудудидан ва аҳолисидан ажралди.
4. Индонезия
Аҳоли сони: 265 015 300 (2018 йил июль ҳолатига кўра)
Индонезия аҳолиси Ер шари аҳолисининг 3,45 фоизини ташкил этади.
Индонезия аҳоли сони ҳақидаги турли ҳисоботларда фақат бир кўрсаткич бўйича биринчи ўринда келяпти. У ҳам бўлса, мамлакат аҳолисининг аксар қисми ислом динига эътиқод қиладиган мамлакатлар орасида аҳоли сони бўйича 1-ўринда туради.
3. АҚШ
Аҳоли сони: 328 655 000 (2019 йил февраль ҳолатига кўра).
АҚШда Ер аҳолисининг 4,28 фоизи яшайди.
1991 йили СССР парчаланиб кетгунча АҚШ аҳоли сони бўйича дунёда Хитой, Ҳиндистон ва СССРдан кейин 4-ўринда эди. СССР парчаланиб кетгач ўз-ўзидан АҚШ 3-ўринга кўтарилди. Мамлакат аҳолиси анча йиллардан бери бир маромда кўпайиб келмоқда. Кўпайишнинг бир қисми туғилиш ҳисобидан бўлса, яна бир қисми АҚШга кўчиб келаётган муҳожирлар ҳисобидан бўляпти.
2. Ҳиндистон
Аҳоли сони: 1 343 160 000 (2019 йил февраль ҳолатига кўра)
Ҳиндистон аҳолиси Ер умумий аҳолисининг 17,5 фоизини ташкил этади.
Хитой аҳолиси 1 миллиарддан ошганда Ҳиндистон аҳолиси бор йўғи 400–500 миллион атрофида эди. Ўтган асрнинг 2-ярмида Хитой фуқароларига биттадан ортиқ фарзанд кўришни тақиқлаб қўйгани учун аҳоли ўсиш динамикаси секинлаган бўлса, Ҳиндистонда, аксинча, жадаллик билан ўсаверди ва янги аср бошида Хитойга қарийб етиб олди.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойни қувиб ўтади ва дунёда биринчи ўринга чиқади.
1. Хитой
Аҳоли сони: 1 394 470 000 (2019 йил февраль ҳолатига кўра)
Хитойда Ер шари аҳолисининг 18,10 фоизи яшайди.
Агар ўтган асрнинг 2-ярмида Хитойда биттадан ошиқ фарзанд кўриш чекланмаганида, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Хитой аҳолиси бугун 2 миллиарддан ошиқ бўлар эди.
Хитойда битта фарзандга рухсат берилиши натижасида мамлакатда бир неча юз миллионли ишга яроқсиз кексалар армияси шаклланди ва ишга яроқли ёш авлод камайиб кетаверди. Бир кун бориб ишчи кучи етишмаслиги хавфи билан тўқнаш келиши мумкинлигини инобатга олган Хитой ҳукумати 2016 йил 1 январдан хитойликларга иккита фарзанд кўришга рухсат берди.
* * *
Қўшимча маълумот тариқасида Ўзбекистонга тўхталиб ўтамиз.
Ўзбекистон, 2019 йил январигача бўлган маълумотларга кўра, 33 254 100 аҳоли билан дунё мамлакатлари орасида 44-ўринда турибди.
Ўзбекистонда аҳоли зичлиги 1 квадрат километрда ўртача 74,1 кишини ташкил этади.
Ўзбекистон аҳолисининг 50,5 фоизи шаҳарларда, 49,5 фоизи қишлоқларда яшайди. Андижон вилояти аҳоли энг зич яшаётган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 1 квадрат километрда ўртача 713 киши яшайди. Энг аҳоли тарқоқ яшайдиган ҳудуд Навоий вилояти ҳисобланади. Бу ерда 1 квадрат километрда ўртача 8,8 киши яшайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)