Оммавий ахборот воситаларида пойтахт вилояти тоғ сув ҳавзаларининг ифлосланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганлиги муносабати билан Ўзбекистон экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Давлат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўмитаси билан биргаликда жорий йилнинг 16 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Урунгач кўли ҳудудига чиқиб, вазият ўрганилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Сув ҳавзаси ҳолатини ҳар томонлама ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси, Бурчмулла ўрмон хўжалиги ходимлари, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимиятлари, мувофиқ тузилма вакиллари ва жамоатчилик жалб қилинди.
Аввалроқ, 2019 йил 12 июль куни Давлат экология қўмитаси мутахассислари томонидан ҳудудни кўриб чиқиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилганлиги аниқланган эди.
Хусусан, бевосита сув устида 10 та ёғоч супа (каравотлар) ўрнатилган бўлиб, қайиқлар ва катамаранлардан фойдаланилган. Сайёҳлар учун санитар-гигиеник шароитлар яратилмаган, чўмилиш эса ушбу мақсадлар учун жиҳозланмаган жойларда ташкил этилган.
Бундан ташқари, сув муҳофазаси ҳудудида маиший чиқиндилар, жумладан, пластик бутилка, овқат қолдиқлари ва ёқилган гулхандан қолган кул ва чиқинди уюмлари тўпланиб ётибди.
Ушбу қоида бузилишлари ҳудуднинг экологик ҳолатига салбий кўрсатади. Агар таъсирчан чоралар кўрилмаса, атроф-муҳит, жумладан, сув ҳавзаси ифлосланиши ва умуман минтақада санитар-эпидемиологик вазият ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
16 июль куни ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, супа (каравот)лар йиғиштирилган, сузиш воситалари (резина қайиқлар ва катамаранлар), чиқиндилар олиб чиқиб кетилган.
Қонун бузилишларини бартараф этиш учун Бўстонлиқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича туман инспексияси ва Бурчмулла ўрмон хўжалиги маъмуриятига зарур топшириқлар берилди. Кўл экотизими ҳолатини тун-у кун назоратини олиб бориш ташкиллаштирилди.
Ўзбекистон экологик партияси Давлат экология қўмитаси билан биргаликда кўл ҳудудига табиий қўриқланадиган ҳудуд мақомини бериш таклифлар тайёрланмоқда.
Бу эса ўз навбатида Урунгач кўли ноёб экотизимини ва ушбу минтақа атроф-муҳитини ифлосланиш ва салбий антропоген таъсиридан муҳофаза қилиш имконини беради.
Изоҳ (0)